Истеъдод ва маҳорат бобида ҳеч кимдан кам эмас
  • 20 Май 2015

Истеъдод ва маҳорат бобида ҳеч кимдан кам эмас

Челябинск шаҳрида таэквондо (WTF) бўйича катталар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этиб, юртимизга ёруғ юз билан қайтиб келган спортчиларимиз кеча “Тошкент” халқаро аэропортида катта тантана билан кутиб олинди. Шу муносабат билан бу ерда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, уларнинг ота-оналари ҳамда журналистлар жам бўлди.

Айтиш жоизки, нуфузли мусобақада 140 дан зиёд давлатдан энг кучли таэквондочилар совринли ўринлар ҳамда 2016 йилда Бразилияда ўтказиладиган Олимпиада ўйинларига йўлланма берувчи муҳим рейтинг очколари учун беллашди. Кескин рақобатга қарамай, ўзбекистонлик спортчилар истеъдод ва маҳорат бобида ҳеч кимдан кам эмасликларини исботладилар.
Хусусан, вазни 87 килограммдан оғир бўлган таэквондочилар баҳсида иштирок этган Дмитрий Шокин барча рақибини мағлубиятга учратиб, жаҳон чемпионлигига эришди. Тажрибали спортчиларимиздан Жасур Бойқўзиев ва Никита Рафалович кумуш медаллар билан тақдирланди. Якунда Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади.
Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратсак. Мазкур мусобақада атиги ўнта давлат вакиллари олтин медалларни қўлга киритди. Бу борада Ўзбекистон фарзандлари АҚШ, Россия, Хитой, Бразилия, Испания, Франция, Германия, Мексика каби давлатлар таэквондочиларидан ўзиб кетди.
Ҳамюртларимиз қайд этган натижа барчамиз учун алоҳида ғурур ва ифтихор ҳиссини бағишлайди. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “...ҳаётдаги ҳар қандай ютуқ, айниқса, спорт оламидаги ғалаба ўз-ўзидан келмайди. Спорт майдонларида эришиладиган ютуқ — бу аввало бутун борлиғини сафарбар этиб, ўз олдига қўйган мақсад йўлида ўзини енгиб, ўзини аямасдан, курашиб яшайдиган инсоннинг ютуғи, ана шу инсонни тарбиялаб вояга етказган таълим-тарбия масканининг, бутун жамиятимизнинг ютуғидир”.
Спортчиларимизнинг жаҳон чемпионатига пухта ҳозирлик кўриши учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароит яратиб берилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Жумладан, Президентимизнинг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, таэквондочиларимиз замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинлари ўтказишди.
— Жаҳон чемпионатидан олтин медаль билан қайтишни мақсад қилгандим, — дейди мусобақа ғолиби Дмитрий Шокин. — Бунга эришганимдан хурсандман. Энди бор эътиборимни 2016 йилда Рио-де-Жанейрода ўтказиладиган Олимпиада ўйинларига тайёргарликка қаратаман. Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида ҳам ғолиб чиқиб, давлатимиз байроғини баланд кўтараман.
— Фарзандларимизнинг бундай муваффақиятларга эришиши мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида баркамол авлодни тарбиялашга қаратилаётган юксак эътибор самарасидир, — дейди жаҳон чемпионати совриндори Жасур Бойқўзиевнинг отаси Товбой Бойқўзиев. — Ишончимиз комилки, бундай ғамхўрликни дилдан ҳис қилган ўғил-қизларимиз келгусида яна кўплаб мусобақаларда Ўзбекистонимиз шарафини улуғлашга ўз ҳиссаларини қўшадилар.


Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn