Таэквондочиларимиз совриндорлар сафида
  • 19 Май 2015

Таэквондочиларимиз совриндорлар сафида

Челябинск шаҳрида таэквондо (WTF) бўйича катталар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида уч нафар ҳамюртимиз совриндор бўлди. Айтиш жоизки, нуфузли мусобақада 140 дан зиёд давлатдан энг кучли таэквондочилар совринли ўринлар ҳамда 2016 йили Бразилия давлати мезбонлик қиладиган Олимпиада ўйинларига йўлланма берувчи муҳим рейтинг очколари учун беллашишди.

Айни шу жиҳат баҳсларнинг қизиқарли ҳамда муросасиз кечишини таъминлади.
Кучли рақобат шароитига қарамай вакилларимизнинг совринли ўринларни эгаллагани эътирофга лойиқ. Жумладан, вазни 87 килограммдан оғир бўлган спортчилар мусобақасида Дмитрий Шокин ямайкалик Жейсон Грантни 31:1, италиялик Леонардо Басилени 8:2, германиялик Волкер Водзихни 11:2, кубалик Робелис Деспейнни 7:6 ва Кот-д’Ивуар вакили Фирмин Зокоуни 11:10 ҳисобида мағлубиятга учратиб, жаҳон чемпионлигига эришди.
Спортчиларимиздан Жасур Бойқўзиев (87 кг.) ва Никита Рафалович (74 кг.) эса кумуш медаль билан тақдирланди.

Муносиб кутиб олинди
Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида ўтказилган кўзи ожизлар ва заиф кўрувчилар ўртасидаги V Бутунжаҳон ўйинларида муносиб қатнашган паралимпиячиларимиз “Тошкент” халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Дарҳақиқат, мазкур мусобақада вакилларимизнинг 5 олтин, 2 кумуш ва 5 бронза медални қўлга киритгани Ўзбекистонда спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ўз самараларини бераётганига яна бир ёрқин тасдиқ бўлди.
Сузиш баҳсларида иштирок этган Дмитрий Хорлин юксак маҳорат соҳиби эканини исботлади. У 200 ва 400 метр масофага эркин усулда сузишда барча рақибини ортда қолдирди. 100 метрга эркин усулда сузишда эса учинчи натижани қайд этди.
Шаҳзод Жуманиёзов 200 метр масофага комплекс усулда сузишда ғолибликка эришган бўлса, 50 метрга брасс усулида сузишда бронза медаль билан тақдирланди. Муҳаммад Абдураимов 100 метрга баттерфляй усулида сузиш бўйича иккинчи, 200 метр масофага комплекс усулда сузишда учинчи ўринни эгаллади.
Бутунжаҳон ўйинларининг дзюдо беллашувларида Ўткир Ниғматов ва Ширин Шарипов олтин, Шариф Халилов кумуш, Шуҳрат Бобоев ҳамда Турсунпошша Нурметова бронза медалга сазовор бўлди.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn