Ёш шахматчиларимиз муваффақияти
  • 14 Май 2015

Ёш шахматчиларимиз муваффақияти

Таиланднинг Паттайя шаҳрида шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳамюртларимиздан Жавоҳир Синдоров олтин, Акобирхон Сайдалиев эса бронза медалини қўлга киритди.

Блиц — тезкор шахмат бўйича ўн бир ёшгача бўлган ўғил болалар баҳсида қатнашган Жавоҳир Синдоров олти партияда ғалабага эришди, битта ўйинни эса дуранг билан якунлади. Шу тариқа 6,5 очко жамғарган ёш шахматчимиз жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.
Ушбу йўналишда етти ёшгача бўлган ўғил болалар мусобақасида дона сурган Акобирхон Сайдалиев етти имкониятдан беш очко жамғариб, кучли учликдан жой олди.

Муносиб иштирок этишаяпти

Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида давом этаётган кўзи ожизлар ва заиф кўрувчилар ўртасидаги V Бутунжаҳон ўйинларида вакилларимиз ҳам муносиб қатнашмоқда.
Фикримизни мусобақанинг дастлабки кунларида вакилларимиз томонидан иккита олтин ҳамда биттадан кумуш ва бронза медали жамғарилгани ҳам тасдиқлайди. Бутунжаҳон ўйинларида тажрибали спортчимиз Дмитрий Хорлин эришаётган натижалар кўпчиликнинг ҳавас ва ҳайратига сабаб бўлаётир. У дастлаб 200, кейин эса 400 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида ғолиб чиқди. Юз метрга баттерфляй усулида сузишда Муҳаммад Абдураимов маррага иккинчи бўлиб етиб келди. Яна бир ҳамюртимиз Шаҳзод Жуманиёзов эса 50 метрга брасс усулида сузиш бўйича учинчи натижани қайд этди.
Мазкур мусобақада 15 нафар вакилимиз спортнинг сузиш, енгил атлетика ва дзюдо турлари бўйича беллашувларда қатнашаяпти.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn