Соғлом турмуш тарғиботи
  • 07 Май 2015

Соғлом турмуш тарғиботи

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Касаба-тур” веломарафони аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш каби эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Олмалиқ шаҳрида мазкур мусобақанинг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди. Унда жойлардаги меҳнат жамоаларида фаолият кўрсатаётган 300 га яқин ҳаваскор велоспортчилар қатнашди.
Таъкидлаш лозимки, айни пайтда вилоятда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида мазкур спорт турига бўлган қизиқиш ортиб бораяпти. Бу галги велопойганинг қуйи саралаш босқичларида аввалги йиллардагидан анча кўп —  саккиз мингдан ортиқ ҳаваскор иштирок этгани бунинг яққол тасдиғидир.
— Мазкур спорт тури билан ёшлигимдан шуғулланаман, — дейди Олмалиқ кон-металлургия комбинати ходими Н. Владимиров. — У саломатлик, тетиклик ва руҳий баркамоллик учун кони фойда экан.  “Касаба-тур” веломарафони эса мен каби пойга ишқибозлари учун катта эътибор ва рағбат намунасидир. Шу боис бир неча йилдан буён унда фаол қатнашиб келаяпман.
Қизғин кечган мусобақалар якунида ғолиблар номи эълон қилинди. Шунингдек, “Фахрий пойгачи”, “Энг ёш пойгачи”, “ўалабага бўлган иштиёқи учун” каби бир нечта номинациялар бўйича ҳам совриндорлар аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ғ. РАҲМАТУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn