Қизиқарли беллашувлар, кутилмаган натижалар
  • 05 Май 2015

Қизиқарли беллашувлар, кутилмаган натижалар

Футбол бўйича Ўзбекистон XXIV миллий чемпионати олий лига жамоалари ўртасида еттинчи тур ўйинлари бўлиб ўтди. Ушбу турнинг марказий учрашувида Қаршининг “Насаф” жамоаси ўз майдонида пойтахтнинг “Локомотив” клубини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Тошкентнинг “Пахтакор” ва Наманганнинг “Навбаҳор” клублари ўртасида кечган қизиқарли баҳсда ҳам мезбонлар худди шу ҳисобда муваффақият қозонди. Энг кутилмаган натижа пойтахтнинг “Бунёдкор” ва Фарғонанинг “Нефтчи” жамоалари ўртасидаги беллашувда қайд этилди. Гап шундаки, фарғоналик футболчилар сафарда тўп сурганларига қарамай, номдор рақибидан уч очкони “тортиб” олишди. Бу мазкур клублар ўртасидаги ўзаро ўйинларда “Нефтчи”нинг илк ғалабаси ҳисобланади. Меҳмонларга муваффақият келтирган ягона голга Рўзимбой Аҳмедов муаллифлик қилди.
Жиззахнинг “Сўғдиёна” ва Самарқанднинг “Динамо” жамоалари эса ушбу турда XXIV миллий чемпионатдаги биринчи ютуғларини нишонлади. Жиззахлик футболчилар ўз майдонида Муборакнинг “Машъал” клубини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Самарқанд клуби эса “Металлург” (Бекобод)дан кичик ҳисобда устун келди — 1:0.
Турнинг қолган ўйинларида қайд этилган натижалар билан танишинг: “Андижон” — “Шўртан” (ўузор) 0:0, “Олмалиқ” — “Қизилқум” (Навоий) 2:0, “Қўқон-1912” — “Бухоро” — 2:1.
Еттинчи турдан сўнг “Насаф” 18 очко тўплаган ҳолда пешқадамлик қилмоқда. Ундан кейинги поғоналарда бораётган “Нефтчи” 17, “Олмалиқ” жамоаси эса 16 очко жамғарган.
Олий лига жамоалари ўртасида 9 ва 10 май кунлари ўтказиладиган навбатдаги тур ўйинларида қуйидаги жуфтликлар ўзаро баҳслашади: “Нефтчи” — “Динамо”, “Машъал” — “Бухоро”, “Қизилқум” — “Қўқон-1912”, “Навбаҳор” — “Насаф”, “Металлург” — “Пахтакор”, “Сўғдиёна” — “Бунёдкор”, “Локомотив” — “Андижон”, “Шўртан” — “Олмалиқ”.


Ф. ИБРАГИМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn