Олимп чўққисига йўл
  • 02 Апрель 2015

Олимп чўққисига йўл

Тошкентда қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва кадетлар ўртасида жаҳон чемпионати бошланди. Унда дунёнинг 100 га яқин давлатлари спортчилари иштирок этмоқда.

Мусобақанинг очилиш маросимига бағишланган матбуот анжуманида сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, Ўзбекистонда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилган. Кейинги йилларда мамлакатда спортнинг якка кураш турларини ривожлантириш, спорт мажмуалари ва майдонлар барпо этиш ва уларни энг замонавий инвентарлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Мазкур муҳим саъй-ҳаракатлар туфайли спортчиларимиз халқаро майдонларда, шу жумладан, Олимпия ўйинларида ўз иқтидорларини намойиш қилишаётир.
Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE) Бош котиби, олимпия чемпиони Фредерик Петрушканинг қайд этишича, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси ёш спортчиларнинг малакасини ошириш борасида кенг кўламли ишларни олиб бормоқда. Натижада улар халқаро мусобақаларда муваффақиятли қатнашиб келаяптилар. Айни чоғда Тошкентда бошланган жаҳон чемпионати ҳам спортчиларимизни 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига тайёрлашда алоҳида ўрин тутади.
Мамлакатимизда саккиз юзга яқин спортчи қиличбозлик билан мунтазам шуғулланаётир. Улардан 50 нафари терма жамоаларга жалб этилган. Истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилаётган эътибор спортчиларимизнинг халқаро майдонларда эришаётган ютуқларида муҳим омил бўлмоқда.
Пойтахтимизда ўтказилаётган қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўзбек спортчиларининг мазкур спорт туридаги рапира ва шпага йўналишларида маҳоратини ҳамда тайёргарлик даражасини намоён этишга хизмат қилади.


А. ЯКУБОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn