Осиё чемпионатидаги ажойиб ғалаба
  • 25 Февраль 2014

Осиё чемпионатидаги ажойиб ғалаба

Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган бадиий гимнастика бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари гуруҳ ва шахсий мусобақаларда муваффақиятли қатнашиб,  жорий йилнинг 16 — 28 август кунлари Хитойнинг Нанкин шаҳрида ташкил этиладиган II ўсмирлар Олимпиада ўйинларига бир йўла еттита йўлланмани қўлга киритишди.

Қитъанинг етакчи терма жамоалари иштирокида ўтказилган мазкур беллашувларда ҳамюртларимиздан Комилабону Рустамова, Сабрина Рамазонова, Гўзал Раймонова, Ирина Салех, Карина Тоғаева ва Фарангиз Аҳмедова гуруҳ мусобақаларида, Анора Давлатова эса шахсий ҳисобда олтин медалларга сазовор бўлди.
Шу тариқа II ўсмирлар Олимпиада ўйинларига қўлга киритилган йўлланмалар сони 13 тага етди. Аммо ҳали олдинда спортнинг оғир атлетика, эркин ва юнон-рум кураши, спорт гимнастикаси, трамполин, бокс, енгил атлетика, таэквондо ВТФ, сузиш, ўқ отиш, қиличбозлик ҳамда триатлон турлари бўйича лицензия берувчи турнирлар бор. Уларда ҳам вакилларимиз юқори ўринлар учун кураш олиб боришади.

Гран-придаги муваффақият
Шу кунларда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида паралимпиячилар ўртасида давом этаётган енгил атлетика бўйича Гран-при турнирида ўзбекистонлик спортчилар юксак маҳорат ва истеъдод соҳиблари эканликларини намоён қилишмоқда.
Бунга мусобақанинг эркаклар ўртасида 1500 метр масофага югуриш баҳсларида юртдошимиз Фахриддин Ҳамроев 4 дақиқаю 03,94 сония натижа билан нафақат олтин медални қўлга киритгани, балки Осиё рекордини янгилагани ҳам бир мисолдир.
Спортчиларимиздан Убайдулла Имомқулов 800 метрга югуриш баҳсларида ғолибликка эришган бўлса, узунликка сакраш беллашувларида Дониёр Солиев кумуш медаль соҳиби бўлди.
Гран-при турнирида мамлакатимиз шарафини жами саккиз нафар паралимпиячи ҳимоя қилмоқда.

Муносиб иштирок этишди
Мисрнинг Луксор ҳамда Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра шаҳарларида таэквондо ВТФ бўйича бўлиб ўтган халқаро турнирларда ўзбекистонлик спортчилар битта олтин, бешта кумуш ва учта бронза медалини қўлга киритишди.
Мисрда ташкил этилган “Luxor Open — 2014” мусобақасида вакилларимиздан Умида Абдуллаева, Никита Рафалович ва Жасур Бойқўзиев ўз вазн тоифаларида кумуш, Максим Рафалович бронза медали билан тақдирланди. 
БААда ўтказилган “Fujairah Оpen — 2014” халқаро турнирида эса терма жамоамиз аъзоси Жасур Бойқўзиев олтин медалга сазовор бўлди. Максим Рафалович ва Дмитрий Шокин иккинчи, Сарвар Шералиев ҳамда Никита Рафалович учинчи натижани қайд этди.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn