«Локомотив» — Ўзбекистон суперкубоги соҳиби
  • 10 Март 2015

«Локомотив» — Ўзбекистон суперкубоги соҳиби

Пойтахтимиздаги муҳташам “Бунёдкор” стадионида футбол бўйича Ўзбекистон суперкубоги учрашуви бўлиб ўтди. Унда олий лиганинг амалдаги чемпиони “Пахтакор” ва мамлакат кубоги соҳиби “Локомотив” ўзаро куч синашди.

Футбол ишқибозларига яхши маълумки, “темир йўлчилар” ўтган йили ҳам суперкубок учун ўтказилган баҳсда иштирок этишган эди. Тошкентнинг бошқа бир жамоаси — “Бунёдкор”га қарши кечган ўша ўйинда “Локомотив” вакиллари 2:1 ҳисобида мағлубиятга учраб, совринсиз қолгандилар.
Очиғи, бу галги беллашув олдидан ҳам аксарият мухлислар мамлакатимизнинг кўп карра чемпиони “Пахтакор”нинг имкониятларини юқори баҳолашаётганди. Аммо амалда бунинг акси бўлди. Яъни ўйин тўлиқ “темир йўлчилар” устунлигида кечди ва бу ҳисобдаги кўринишда ҳам ўз ифодасини топди. Жумладан, биринчи бўлимнинг 37-дақиқасида Лутфулла Тўраев ажойиб голга муаллифлик қилди. Иккинчи бўлимнинг дастлабки дақиқаларида эса “Локомотив” футболчилари рақиб дарвозасини яна икки бор ишғол этишди. Аввалига Темурхўжа Абдухолиқов, кейин Руслан Корян (пенальтидан) тўп киритди. Учрашувнинг 89-дақиқасида захирадан майдонга туширилган Марат Бикмаев ҳисобни йириклаштирди — 4:0.
Шу тариқа Тошкентнинг “Локомотив” клуби ўз тарихида илк бор Ўзбекистон суперкубогини қўлга киритди.


Суннатилла ИСЛОМОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn