Спорт — нафислик ва саломатлик асоси
  • 26 Февраль 2015

Спорт — нафислик ва саломатлик асоси

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Спорт — нафислик ва саломатлик асоси” шиори остида спорт фестивали ўтказилди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда турли вазирлик ва идораларда меҳнат қилаётган хотин-қизлар қатнашди.

Фестиваль очилишида таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг, айниқса, спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун зарур шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Қишлоқ жойлардаги болалар спорти объектларида банд бўлган аёл спорт устозлари меҳнатини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори аёлларни ижтимоий ҳимоялаш, уларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзи ғояларини кенг тарғиб ва ташвиқ қилишда муҳим омил бўлмоқда.
Мана шундай юксак эътибор туфайли хотин-қизларимиз орасидан юртимиз шарафини халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчилар авлоди етишиб чиқаётир. Ўтган йили Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган ХVII Осиё ўйинларида ана шундай истеъдод соҳибаларимиз томонидан учта олтин, учта кумуш ва тўртта бронза медали қўлга киритилгани бунга яққол мисолдир.
“Спорт — нафислик ва саломатлик асоси” фестивалида Ўзбекистон Республикаси Адлия, Ички ишлар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, Хотин-қизлар қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фондида меҳнат қилаётган 168 нафар хотин-қиз спортнинг волейбол, стол тенниси, шашка, дартс, гимнастрада каби турлари бўйича куч синашди.
Якунда “Энг аҳил жамоа”, “Энг қувноқ жамоа”, “Энг тезкор жамоа”, “Энг интизомли жамоа” каби ўн икки номинация бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, уларга ташкилотчиларнинг диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn