Замонавий спорт мажмуалари ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом бўлиб вояга етишига хизмат қилади
  • 29 Январь 2015

Замонавий спорт мажмуалари ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом бўлиб вояга етишига хизмат қилади

Истиқлол йилларида юртимизда жисмонан ва маънан соғлом, ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни тарбиялашга давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу олижаноб мақсад йўлида кенг қамровли ишлар амалга оширилаяпти.

Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан 2002 йилда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ташкил этилгани республикамизда жисмоний тарбия ва спортнинг моддий-техник базасини шакллантириш, умумтаълим мактабларида замонавий болалар спорт комплекслари тармоғини барпо этиш, уларни бугунги кун талабларига мос ускуна ва инвентарлар билан жиҳозлаш имконини бераётир.
Яна бир эътиборли жиҳати, бизда болалар ва ёшларни спортга жалб қилиш бўйича дунёда ўхшаши йўқ уч босқичли ноёб тизим жорий этилган. “Кичик Олимпиада” номини олган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари янгидан-янги номларни кашф этишга хизмат қилмоқда. Мана шундай мусобақаларда, спорт майдонларимизда маҳоратини оширган истеъдодли фарзандларимиз бугунги кунда турли халқаро беллашувлар, қитъа ҳамда жаҳон чемпионатлари, Олимпиада ўйинларида муваффақиятли қатнашиб, Ўзбекистонимиз номини янада улуғлашга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишаяпти.
Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида спорт соҳасида эришилаётган ютуқларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионатининг чорак финалида ғалаба қозониб, қитъамиздаги тўртта давлатдан бири сифатида шу йил Янги Зеландияда бўладиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритгани, Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги иккинчи Олимпия ўйинларида 28 нафар ёш спортчимиз 4 та олтин, 3 та кумуш, 3 та бронза, жами ўнта медалга эришгани, Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларида эса юртимиз фарзандлари 9 та олтин, 14 та кумуш, 21 бронза, жами 44 та медалга сазовор бўлгани эътироф этилди.
“Бундай ютуқлар замирида, биринчи навбатда, мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришга берилаётган доимий эътибор мужассам экани барчамизга яхши аён”, деди Президентимиз.
Уч босқичли спорт ўйинларининг яна бир муҳим томони шундаки, баҳсларни ўтказишга тайёргарлик жараёнида ҳудудлар инфратузилмасида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилади, кўплаб спорт иншоотлари қад ростлайди. Ҳозиргача ана шундай мусобақалар бўлиб ўтган вилоятларда ўзига хос “Олимпия шаҳарчалари” пайдо бўлдики, уларнинг барчаси ҳудудлар кўркига кўрк қўшибгина қолмасдан, балки яна минглаб ёшлар қалбида спортга муҳаббат туйғуларини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Хабарингиз бор, жорий йилда “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг республика босқичига Урганч шаҳри мезбонлик қилади. Шу муносабат билан ҳозир бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилаяпти. Хусусан, спорт ўйинларининг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимлари бўлиб ўтадиган Марказий стадион капитал реконструкция қилинаётир. 30 миллиард сўмликдан ортиқ қурилиш ишлари олиб борилгач, ушбу иншоотда ҳар қандай йирик мусобақани ташкил этиш, спортнинг бир нечта тури билан мунтазам шуғулланиш имконияти вужудга келади.
Навбатдаги спорт байрамининг бош объекти, шубҳасиз, “Ёшлик” шаҳарчасида қурилаётган ёшлар спорт мажмуасидир. Унинг таркибидан қатор спорт иншоотлари ўрин олган. Жумладан, ёпиқ сув ҳавзаси, 920 ўринли ёпиқ спорт манежи, 60х30 ўлчамдаги гимнастика зали, 2 та универсал спорт зали ва 1000 нафарга яқин томошабинга мўлжалланган очиқ футбол майдони спортсевар ёшлар ихтиёрига берилади. Жами 9,7 гектар ҳудудни эгаллаган мажмуани бунёд этиш учун 60 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиши кўзда тутилган.
Яқин кунларда фойдаланишга топшириладиган спорт шаҳарчасида ўқувчи-ёшлар баскетбол, футбол, сузиш, стол тенниси, бадиий гимнастика, шахмат каби спорт турлари бўйича ўз истеъдод ва маҳоратларини намойиш этадилар. Шу ерда Туризм ва меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежининг янгитдан қурилган спорт залида эса волейбол ва қўл тўпи бўйича мусобақалар ўтказилиши мўлжалланган.
— Бу замонавий спорт шаҳарчасида нафақат мамлакат миқёсидаги, балки йирик халқаро турнирларни ҳам ташкил этиш мумкин, — дейди вилоят бокс федерацияси раҳбари Иброҳим Ниёзметов. — Урганч қиёфасига ўзгача кўрк бағишлайдиган спорт шаҳарчасида ёшларнинг 22 та спорт тури бўйича мунтазам шуғулланишлари учун шароит яратилаётгани эртамиз эгаларига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Бундай юксак эътибор спортни оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этаётир. Масалан, ҳозир вилоятимизда 2000 нафарга яқин ёшлар бокс билан мунтазам шуғулланишаяпти. Улар орасидан Ватанимиз шарафини халқаро спорт майдонларида муносиб ҳимоя қиладиган иқтидорлар етишиб чиқишига ишончимиз комил.
Халқаро Олимпиада мезонлари асосида ўтказиладиган спорт тадбирига тайёргарлик доирасида Урганч шаҳрини ободонлаштириш, йўлларни таъмирлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор берилаётир. Маданий ҳордиқ чиқариш масканлари, транспорт тизими кўздан кечирилиб, шаҳарни безаш учун спорт ўйинлари рамзлари акс этган паннолар, спортга, эзгу мақсадларга чорловчи тарғибот воситалари ва замонавий ёритиш мосламалари тайёрланмоқда.
Ўз навбатида, ўқувчи-ёшлар беллашувларга қизғин тайёргарлик кўришаяпти. Ҳозирги пайтга қадар туман саралаш босқичлари ниҳоясига етди. Ҳадемай, вилоят босқичи бўлиб ўтади.
— “Умид ниҳоллари — 2015”нинг туман саралаш босқичида энг яхши оғир атлетикачи сифатида эътироф этилдим, — дейди хивалик Ромонберган Матёқубов. — Бу ўзимга бўлган ишончимни янада оширди. Мақсадим — мусобақанинг республика босқичида муносиб қатнашиб, ғолибликни қўлга киритиш.
Мухтасар айтганда, Хоразмда ёшлик ва спорт байрамини юксак савияда ўтказиш учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Муаллиф олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn