Ёш авлод камолоти
  • 28 Январь 2015

Ёш авлод камолоти

Бунда мамлакатимизда яратилган кенг имкониятлар муҳим аҳамият касб этаяпти.

Навоийликлар 2012 йилда “Умид ниҳоллари” мусобақаларининг республика босқичи ўтказилиши муносабати билан вилоят марказида қад ростлаган “Ёшлар” спорт мажмуасини алоҳида фахр билан тилга олишади. Бу бежиз эмас, албатта.
Чунки шаҳар кўркига кўрк қўшиб турган ушбу иншоот ўзининг маҳобати билан ҳар қандай кишини ҳайратга солади. Мажмуада спортнинг футбол, баскетбол, енгил атлетика каби ўнлаб турлари билан шуғулланиш учун етарли шароит мавжуд. Бинобарин, бу ерда мамлакат ва халқаро миқёсдаги нуфузли турнирларни ҳам юқори савияда ташкил этиш имконияти яратилган. Масалан, кейинги йилларда дунё миқёсида таниқли бўлган бадиий гимнастикачилар ўртасидаги халқаро мусобақалар айни шу иншоотда ўтказилаяпти.
Гап спортнинг нафис тури — бадиий гимнастика ҳақида борар экан, юртимизда Президентимиз раҳнамолигида уни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, янгитдан қурилиб, фойдаланишга топширилаётган спорт мажмуалари қошида тўгараклар ташкил этилиб, улар малакали мураббийлар билан таъминланаяпти.
Ўзбекистон гимнастика федерацияси вилоят бўлими томонидан тақдим қилинган маълумотга кўра, ҳозир ҳудудда 5 минг нафарга яқин қиз бадиий, мингга яқин навқирон авлод вакиллари спорт гимнастикаси билан мунтазам шуғулланмоқда.
— Ёш авлод камолотида спортнинг аҳамияти беқиёс, — дейди гимнастика федерацияси вилоят бўлими раҳбари Шаҳло Нарзиева. — Вилоятимиз марказида қад ростлаган ушбу мажмуа давлатимиз раҳбари томонидан фарзандларимизнинг жисмонан соғлом, маънан етук бўлиб камолга етишлари йўлида кўрсатаётган беқиёс ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир. Яқин келажакда “Ёшлар” спорт мажмуасида машқ қилаётган ўғил-қизлар орасидан яна янгидан-янги чемпионлар етишиб чиқишига ишончимиз комил.
Дарҳақиқат, бугун нафақат марказлар, балки юртимизнинг энг чекка қишлоқларида ҳам замонавий спорт мажмуалари қад ростлаётгани истеъдодларни кашф этиш имконини бермоқда. Таълим муассасаларида ҳам ёшлар учун спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган.
Қайд этиш жоиз, 2003 — 2014 йилларда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Навоий вилоятида
94 та спорт иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилди. Уларнинг ярмидан кўпи қишлоқ жойларда бунёд этилган.
— Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда, — дейди мазкур жамғарманинг вилоят филиали директори Улуғбек Жабборов. — 2015 йилга мўлжалланган Манзилли дастурга асосан, вилоятда жами 7 та объект, жумладан, бешта спорт зали қуриш, Учқудуқ туманида янги мажмуа барпо этиш ҳамда битта мавжуд иншоотни мукаммал таъмирлаш режалаштирилган.
Бундай эзгу ишлардан кўзланган мақсад-муддао битта. У ҳам бўлса халқимиз азалий орзуси бўлган ҳар томонлама баркамол, Ватанга садоқатли ва фидойи авлодни тарбиялашдир.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Муаллиф олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn