Юксак марраларга мустаҳкам пойдевор
Версия для печати
  • 23 Январь 2015

Юксак марраларга мустаҳкам пойдевор

Мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларидан бири саналган Олот туманидаги 7-олимпия спорт мактабида таҳсил олган ёшларнинг аксарияти жаҳон, Осиё миқёсидаги қатор нуфузли мусобақаларда ғолиб чиққан. Эътиборлиси, бу анъана ҳозир ҳам бардавом. Мазкур маскан тарбияланувчилари ўз мақсадлари сари дадил одимлаб, қатъият ва шижоат билан юксак марраларни забт этмоқдалар.

Яқинда таълим муассасасининг ёш полвонлари Қарши шаҳрида бўлиб ўтган турнирдан ҳам муваффақият билан қайтишди. Унда Мирзабек Жалолов, Собир Каримов, Талъат Ҳамроев, Аҳмад Бешимов ва Мироншоҳ Fайбуллаев совриндорлар сафидан жой олди. Албатта, бу каби ютуқларга мазкур ўқув муассасасида яратилган қулай шарт-шароитлар муҳим омил бўлаётир. Зеро, мактабга Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали яқиндан кўмак бериб келаяпти.
— Ўғил-қизлар ўртасида турли мусобақалар ташкил этиш, ғолибларни рағбатлантириш, спорт мактабларини зарур жиҳозлар билан таъминлаш ишлари доимий эътиборимизда, — дейди жамғарманинг вилоят филиали директори Ўткир Нажмитдинов. — Масалан, биргина ўтган йили ҳудудда 874 та спорт беллашуви ташкил этилди. Уларда 167 минг нафардан зиёд ёшлар қатнашди. Бу каби турнирлар болалар спорти иншоотларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ўғил-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш имконини бермоқда.
Бинобарин, Жамғарманинг манзилли дастур асосида амалга ошираётган ишлари ҳам эътиборга моликдир. Масалан, 2014 йилда Когон, Ромитан, Fиждувон, Шофиркон туманларидаги 2, 23,
44-умумтаълим мактаблари учун замонавий спорт заллари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Пешку туманидаги 19-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби учун янги мажмуа барпо этилди. Бухоро шаҳридаги 9-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби реконструкция қилинди. Жондор, Қоракўл, Қоровулбозор туманларида ҳам ана шундай муассасаларнинг янги бинолари қад ростлади. Бу эзгу мақсадлар учун 15 миллиард 228 миллион сўм сарфланди.
— Йирик мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўришимиз учун юртимизда биз, спортчиларга барча шарт-шароит яратиб берилмоқда, — дейди 2014 йили Хитойнинг Нанкин шаҳрида бўлиб ўтган II ўсмирлар Олимпия ўйинлари совриндори, умидли ёш боксчи Сулаймон Латипов. — Халқаро ареналарда эришаётган ғалабаларимиз мамлакатимизда Юртбошимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик самарасидир.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилаётгани бежиз эмас. Президентимиз таъкидлаганидек, спорт соғлом авлод, соғлом келажак, деганидир. Бинобарин, фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина  буюк ишларга қодир бўлади.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn