Футболчиларимизнинг ишончли ғалабаси
  • 20 Январь 2015

Футболчиларимизнинг ишончли ғалабаси

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Австралияда бўлиб ўтаётган Осиё кубогининг чорак финалида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ушбу муваффақият юртимиздаги “миллионлар ўйини” ишқибозлари кўнглини тоғдек кўтаргани, шубҳасиз.

Вакилларимиз навбатдаги баҳсни Жанубий Корея футболчиларига қарши ўтказишади. Айтиш жоизки, бу ўйин биз учун нафақат ярим финал масаласини ҳал этиши билан, балки бошқа жиҳатидан ҳам муҳим. Чунки айнан шу терма жамоа Бразилия давлати мезбонлик қилган жаҳон чемпионати финал босқичига чиқиш имкониятларимизни пасайтириб юборган эди. Шундай экан, энди ўзаро учрашувларимиздаги статистика кўрсаткичларини яхшилаб олиш учун ҳам қулай фурсат туғилди, десак, асло муболаға бўлмайди. Ўйлаймизки, футболчиларимиз ҳам шуни инобатга олиб, кейинги беллашувда алоҳида руҳий тайёргарлик ва масъулият билан майдонга тушиб, янада ғайрат ҳамда шижоат кўрсатишади.
Келинг, шу ўринда, жамоамизнинг бевосита Осиё кубоги гуруҳ босқичидаги иштироки хусусида тўхталиб ўтсак. Мусобақанинг “В” гуруҳидаги дастлабки турда ҳамюртларимиз Корея Халқ Демократик Республикаси футболчиларини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратишган эди. Навбатдаги баҳсда эса кутилмаганда Хитой терма жамоасига имкониятни бой бериб қўйишгани, очиғи, мухлисларни бир оз ранжитди. Кутилмаган дейишимизнинг боиси шундаки, ўйинда вакилларимиз ҳисобда олдинда бораётиб, бирданига ташаббусни рақиб футболчиларига топшириб қўйишди ва кетма-кет иккита тўп ўтказиб юборишди. Ўз навбатида, Саудия Арабистони терма жамоаси КХДР футболчиларини 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, муҳим уч очкога эга бўлганди.
Хитой терма жамоаси олти очко билан чорак финал масаласини муддатидан аввал ҳал қилиб қўйгач, ушбу гуруҳдан “плей-офф”нинг яна бир йўлланмаси учун Ўзбекистон ва Саудия Арабистони футболчиларида имконият сақланиб қолганди. Фақат биз учун мураккаб бир жиҳати, ҳамюртларимизга фақат ғалаба зарур бўлса, рақиб жамоани дуранг ҳам қаноатлантирарди.
Шуни яхши англаган бош мураббий Миржалол Қосимов Саудия Арабистони вакилларига қарши кечадиган ҳал қилувчи ўйинда аввалги икки учрашувдан фарқли ўлароқ, асосий таркибга бир йўла бешта ўзгартириш киритди. Яъни терма жамоа сардори Сервер Жепаров, ҳужумчи Игорь Сергеев, ярим ҳимоячилар Темур Кападзе, Санжар Турсунов ҳамда ҳимоячи Акмал Шораҳмедов ўрнига Сардор Рашидов, Жасур Ҳасанов, Жамшид Искандеров, Баҳодир Насимов ва Шуҳрат Муҳаммадиевга дастлабки дақиқаларданоқ майдонга тушиш имкониятини берди. Аввалига бир оз хавотирли туюлган бу қарор аслида тўғри бўлганлигини ўйиннинг илк дақиқалари кўрсатди. Яъни айнан шу таркиб бир қарашда гўёки яхлит жамоа сифатида анча йиллардан бери бирга ҳаракат қилиб келаётгандек тасаввур уйғота бошлади. Айниқса, Сардор Рашидовнинг 2-дақиқадаёқ ҳисобни очиши Саудия Арабистони вакилларини қийин вазиятга солиб қўйди. Қисқаси, терма жамоа мураббийлари штабининг ушбу тактикаси футбол жамоавий ўйинлигини, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш муваффақият гарови эканлигини амалда яна бир карра исботлади. Ҳамюртларимиз майдоннинг ҳар бир қаричида рақиб жамоага катта босим уюштиргани, ўзига бўлган ишончи, мураккаб вазиятларда ҳам совуққонлик билан тўп сургани, тезкор қарорлар қабул қила олгани ўз самарасини берди. Учрашувнинг 59-дақиқасида Муҳаммад ал-Саҳлавийнинг пенальтидан урган голига 71-дақиқада Воҳид Шодиев, орадан етти дақиқа ўтиб эса яна Сардор Рашидов аниқ зарбаси билан жавоб қайтарди. Шу тариқа миллий терма жамоамиз жиддий беллашувда 3:1 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.
Футболчиларимиз шундай ҳаракат қилишда давом этишса, чорак финалда Жанубий Корея терма жамоаси устидан ҳам ғалаба қозониб, ярим финалга чиқишни уддалай оладилар. Бугун ким билан суҳбатлашмайлик, ана шундай фикр билдираяпти.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn