Келажакка сармоя
  • 13 Февраль 2014

Келажакка сармоя

Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаларига дунёнинг кўпгина давлатларида бўлгани сингари Ҳиндистонда ҳам қизиқиш катта.

Ушбу мамлакатнинг маданий-гуманитар доиралари вакиллари ҳамда спорт соҳаси мутахассислари Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 2013 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан билдирган фикр-мулоҳазалар буни яққол тасдиқлайди.
— Мен дунёнинг қатор мамлакатларида спортнинг муайян турлари бўйича фаолият юритадиган жамғармалар борлигидан хабардорман. Бироқ Ўзбекистонда болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор алоҳида диққатга сазовордир, — дейди Ҳиндистон енгил атлетика федерацияси маҳаллий мусобақалар департаментининг директори Равиндер Шарма. — Бундай жамғарма мамлакат раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ташкил этилгани ва унинг Ҳомийлик кенгашига Президентнинг ўзи раислик қилиши ҳам Ўзбекистонда болалар спорти ривожига муносабат қай даражада юқори эканлигини кўрсатади.
Мен ўзбекистонлик ёш спортчиларнинг нималарга қодирлигини ўтган йилнинг июлида Пуна шаҳрида енгил атлетика бўйича бўлиб ўтган Осиё чемпионатида  кўрган  эдим.  Ўшанда  Ўзбекистон  жамоаси  дунёнинг 43 мамлакатидан келган минг нафардан зиёд спортчилар орасида ўзларининг чаққонликлари ва тиришқоқликлари билан эътибор қозониб, фахрли учинчи ўринни эгаллашганди. Ўйлаб қарасам, ўша йигит-қизлар қўлга киритган муваффақиятлар Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолияти доирасида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижаси экан. Дарҳақиқат, баркамол авлод тарбияси — келажак учун муносиб сармоядир.
Яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида Президент Ислом Каримов томонидан диққатга молик  маълумотлар  келтириб ўтилди. 2013 йилда бу соҳада олиб борилган ишлар сарҳисоби ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, деб ўйлайман.
Мамлакатда 113 спорт иншооти ва сузиш ҳавзаси, 55 болалар мусиқа ва санъат мактаби қурилгани ҳамда фойдаланишга топширилгани, шубҳасиз, алоҳида эътиборга сазовордир.
Мазкур йиғилишда “Соғлом бола йили” деб номланган 2014 йилда ҳам юртингизда бу йўналишдаги   ишлар изчил давом эттирилиши, яъни 115 спорт объекти ҳамда 48 болалар мусиқа ва санъат мактабини қуриш ҳамда реконструкция қилиш, уларни зарур анжом ва ускуналар билан таъминлаш масаласи устувор вазифа сифатида белгилангани ҳам эътирофга лойиқ.
Ҳиндистон Ижро санъати ва меъёрий фаолиятни ўргатиш уюшмаси (ALPANA) вице-президенти Бижай Кумар Даш “Мамлакатни дунёга танитадиган соҳалар сирасига кирадиган спорт ва санъатга муҳаббат ёш авлод онгида барвақт шаклланар экан, бу уларнинг баркамол бўлиб вояга етишига ижобий таъсир кўрсатади”, дея таъкидлади.
— Шу жиҳатдан олиб қараганда ҳам Ўзбекистон раҳбариятининг оқилона сиёсати таҳсинга лойиқдир, — деди у. — Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан спорт билан бирга, мусиқа ва санъат мактабларига катта эътибор қаратилаётгани ўз самарасини беришига шубҳа йўқ. Чунки спорт ёшларни интилишга, ғалаба қозонишга, мардлик ва ҳалолликка ўргатади, санъат эса уларнинг қалбини эзгуликка ундайди, гўзалликка ошно қилади.
Мен Ўзбекистонга борган чоғларимда болалар ва ўсмирлар ўртасидаги турли халқаро мусобақа ҳамда танловларда мураббий ёки кузатувчи сифатида иштирок этганман. Ёш ўзбек спортчилари қўлга киритган ғалабаларга шахсан шоҳид бўлганман. Шу ўринда бадиий гимнастика соҳасида мамлакатингиз эришаётган муваффақиятларни алоҳида таъкидлашни истар эдим.

«Жаҳон» АА.
Деҳли

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn