Равшан Ирматов — бешинчи бор Осиёнинг энг яхши ҳаками
  • 02 Декабрь 2014

Равшан Ирматов — бешинчи бор Осиёнинг энг яхши ҳаками

Филиппин пойтахти Манила шаҳрида Осиё футбол конфедерациясининг йил номзодларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросими бўлиб ўтди.

Тадбирнинг биз учун алоҳида аҳамиятга молик жиҳати шундаки, унда ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Ирматов бешинчи бор қитъамизнинг “Энг яхши ҳаками” деб топилди. Ҳамюртимиз 2008, 2009, 2010 ҳамда 2011 йилларда ҳам ана шундай эътирофга лойиқ кўрилган эди.
Бугун бутун дунёда Р. Ирматовни ўз ишининг устаси, тажрибали мутахассис сифатида яхши билишади. Чунки у жуда кўплаб нуфузли мусобақаларда иштирок этиб, ўйинларни адолатли бошқариш, тўғри ва тез қарор қабул қила олиш фазилатлари билан катта ҳурмат қозонган. 2003 йилдан буён ФИФА таснифидаги мусобақаларда реферилик қилиб келаётган ҳамюртимиз футбол бўйича деярли барча йирик турнирларда қатнашган. Жумладан, 2007 ва 2009 йилларда ўсмирлар ҳамда ёшлар ўртасидаги жаҳон биринчиликлари, 2008 ва 2011 йилларда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари финали, 2011 йилги Осиё кубоги финали, 2012 йилда ХХХ ёзги Олимпиада ўйинларининг футбол учрашувлари, 2013 йилда Бразилияда ташкил этилган конфедерациялар кубоги баҳслари, шунингдек, 2010 ва 2014 йиллардаги футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларида ҳакамлик қилгани фикримиз тасдиғидир.
Равшан Ирматов мундиалларда жами тўққизта учрашувда бош ҳакам бўлиб майдонга тушган ягона рефери сифатида жаҳон рекордини ўрнатган. Бу Ўзбекистон фарзандлари истеъдод ва маҳорат, билим ҳамда заковат бобида ҳеч кимдан кам эмасликларининг яна бир амалий тасдиғидир.
Халқаро майдонда мамлакатимизнинг спорт соҳасидаги шон-шуҳратини юксалтириш, ўзбек футболининг нуфузини ошириш, миллий футбол ҳакамлари мактабини ривожлантириш ишига қўшган муносиб ҳиссаси учун Равшан Ирматов Президентимизнинг 2014 йил 25 июлдаги Фармонига мувофиқ, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.


Ф. ИБРАГИМОВ тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn