Оғир атлетикачиларимиз Олимпиада ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди
  • 18 Ноябрь 2014

Оғир атлетикачиларимиз Олимпиада ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди

Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида оғир атлетика бўйича катталар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида спортчиларимиз битта олтин, иккита кумуш ва битта бронза медалини қўлга киритиб, 2016 йилда Бразилияда бўладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг саккизта йўлланмасини нақд қилиб қўйишди.

Нуфузли мусобақада 72 давлатдан 700 га яқин энг тажрибали оғир атлетикачилар иштирок этди.  Шу боис баҳслар ҳам қизиқарли, ҳам муросасиз кечди.
Ҳамюртимиз Руслан Нурудинов (-105 кг.) ўзига билдирилган ишончни яна бир карра оқлади. У даст кўтаришда 193 кг. натижа билан олтин, силтаб кўтаришда 239 кг. тошни бўйсундириб бронза, иккикураш якунларига кўра, 432 кг. кўрсаткич билан кумуш медалга сазовор бўлди. Моҳир спортчимиз шу орқали ўзининг шахсий рекордини ҳам янгилади. Руслан ўтган йили Польшада ўтказилган жаҳон чемпионатида 425 кг. оғирликни бўйсундирган эди.
Вазни 85 килограммгача бўлган полвонлар беллашувида яна бир тажрибали атлетимиз Улуғбек Алимов кумуш медални қўлга киритди. У силтаб кўтаришда 213 кг. натижа қайд этди.
Терма жамоамиз муваффақиятига Сардорбек Дўстмуродов, Достон Ёқубов, Муҳаммад Бегалиев, Адҳамжон Эргашев ва Иван Ефремов ҳам муносиб ҳисса қўшди.
XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг учта йўлланмасини аёллар терма жамоаси қўлга киритди. Бунда Маҳлиё Тоғаева, Манзура Мамасолиева, Фарангиз Шомуродова, Лола Қодирова ва Марина Сисоева кўрсатган натижалар муҳим аҳамият касб этди.
Оғир атлетикачиларимизнинг ушбу муваффақияти мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак даражадаги эътиборнинг яна бир ёрқин самарасидир.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарори вакилларимизнинг нуфузли халқаро беллашувларда юқори натижалар қайд этишида муҳим омил бўлмоқда. Мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, спортчиларимизнинг замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, тажриба ва маҳоратини ошириши, халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриши ҳамда уларда муносиб иштирок этиши учун барча шарт-шароит яратилган.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn