Ҳамюртимиз совриндорлар сафида
  • 12 Февраль 2014

Ҳамюртимиз совриндорлар сафида

“Moscow Open — 2014” халқаро шахмат фестивалида ҳамюртимиз  Нафиса Мўминова кумуш медални қўлга киритди.

Нуфузли мусобақанинг талаба-гроссмейстерлар ўртасидаги баҳсларда иштирок этган истеъдодли вакиламиз дастлабки турларда мезбон спортчилар — Варвара Саулина, Лидия Томникова, Ирина Василевич, Анна Гванцеладзедан устун келди. Кейинги партияларда эса у қизлар ўртасида жаҳон чемпиони, россиялик Мария Северина, грузиялик Мери Арабидзе, хитойлик Ванг Юэ ва украиналик Лиза Соловьева билан дуранг ўйнади.
Якунда тўққиз имкониятдан олти очко жамғарган Нафиса нафақат совриндорлар қаторидан жой олди, балки муҳим рейтинг очколарига ҳам эга бўлди.

Жуфтликда ғолиб чиқди
Мамлакатимизнинг биринчи рақамли ракетка устаси Денис Истомин Франциянинг Монпелье шаҳрида ўтказилган “Open Sud de France — 2014” халқаро турнирининг жуфтлик баҳсларида ғолиб бўлди.
Россиялик Николай Давиденко билан биргаликда совринли ўринлар учун кураш олиб борган ҳамюртимиз мусобақа давомида Михал Пшисежни ва Александр Недовесов (Польша/Қозоғистон), Нил ҳамда Кен Скупски (Буюк Британия), Жунайд Рамиз ва Айсам Куреший (Австралия/Покистон), Николас Маю ҳамда Марк Жикел (Франция) тандемларини доғда қолдириб, ана шундай натижани қайд этди.
Шундай қилиб, Денис Профессионал теннисчилар уюшмаси (АТР) таснифидаги мусобақаларда иккинчи бор бош совринга сазовор бўлди. Бунгача у “Кремль кубоги — 2013” мусобақасининг жуфтлик беллашувларида ҳам ғолиблик нашидасини сурган эди.

Мавсумни муваффақиятли бошлади
Енгил атлетика бўйича терма жамоамиз аъзоси Надежда Дусанова учун ҳам янги спорт мавсуми омадли бошланди.
Маҳоратли атлетимиз Германиянинг Арнштадт шаҳрида ўтказилган баландликка сакраш мусобақасида бир метр 94 сантиметр натижа қайд этиб, бронза медаль билан тақдирланди.
Халқаро турнирнинг олтин ва кумуш медаллари польшалик Камила Личвинко ҳамда германиялик Мари-Лоренс Юнгфляйшга насиб этди.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn