Паралимпиячиларимизнинг юксак натижалари
  • 24 Октябрь 2014

Паралимпиячиларимизнинг юксак натижалари

Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида давом этаётган ПараОсиё ўйинларининг навбатдаги кунларида вакилларимиз бешта олтин, иккита кумуш ва иккита бронза медалини қўлга киритишди.

Хусусан, дзюдо баҳсларида Шуҳрат Бобоев ва Одилбек Тулендибоев ПараОсиё ўйинлари чемпионлигига эришди. Ушбу спорт тури бўйича Гулруҳ Раҳимова кумуш, Ширин Шарипов бронза медали билан тақдирланди.
ПараОсиё ўйинлари дастуридан ўрин олган енгил атлетиканинг 200 метр масофага югуриш баҳсида Фахриддин Ҳамроев муваффақият қозонди. Бу Фахриддиннинг мазкур нуфузли спорт анжуманидаги иккинчи олтин медали ҳисобланади. Бунгача у 800 метрга югуришда барча рақибларини ортда қолдирган эди. Худди шу масофага югуриш бўйича юртдошимиз Миран Сахадов кумуш медаль совриндори бўлди.
Саккиз юз метрга югуриш беллашувларида иштирок этган ҳамюртимиз Маъруфжон Муродиллаев нафақат ПараОсиё ўйинлари олтин медалини қўлга киритди, балки ушбу мусобақанинг рекордини ҳам янгилади.  Яна бир вакилимиз Сирожиддин Норов эса бронза медали билан тақдирланди.
Енгил атлетиканинг 4х100 метрга югуриш бўйича ўтказилган беллашувида Миран Сахадов, Дониёр Солиев, Улуғбек Чориев ва Фахриддин Ҳамроев тўртлиги энг юқори натижа қайд этиб, олтин медалга сазовор бўлди.
Шундай қилиб, ҳозиргача ПараОсиё ўйинларида спортчиларимиз 21 олтин, 4 та кумуш, 3 та бронза — жами 28 медаль жамғаришга муваффақ бўлишди.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn