Нуфузли турнир якунланди
  • 22 Октябрь 2014

Нуфузли турнир якунланди

Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида дзюдо бўйича ўтказилган Гран-при туркумига кирувчи халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари битта олтин, иккита кумуш ва учта бронза медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллашди.

Халқаро дзюдо федерацияси шафелигида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда мамлакатимиз дзюдо федерацияси томонидан ташкил этилган мазкур нуфузли мусобақада 42 давлатдан 282 нафар полвон совринли ўринлар ҳамда 2016 йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўладиган ХХХI ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмасига бериладиган рейтинг очколари учун кураш олиб борди.
Мусобақанинг вазни 66 килограмм бўлган полвонлар баҳсида икки карра жаҳон чемпиони, Пекин ва Лондон Олимпиадалари совриндори Ришод Собиров туркиялик Синан Сандал, италиялик Элио Верде, беларуслик Дмитрий Шершан, россиялик Денис Лаврентьев ва мўғулистонлик Алтансукх Довдонни мағлубиятга учратиб, олтин медаль билан тақдирланди.
Ҳамюртларимиздан Диёрбек Ўрозбоев, Яҳё Имомов кумуш, Шаҳзод Собиров, Рамзиддин Саидов ва Элёр Машарипов бронза медалини қўлга киритди.
Энди Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари шу йилнинг 31 октябрь — 2 ноябрь кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида ўтказиладиган “Улкан тож” туркумига кирувчи халқаро турнирда ўз маҳоратларини намойиш этишади.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси эса 22-26 октябрь кунлари АҚШнинг Маями шаҳрида бўладиган жаҳон чемпионатида қатнашади.


Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn