Осиё ўйинлари ғолиб ва совриндорлари тақдирланди
  • 14 Октябрь 2014

Осиё ўйинлари ғолиб ва совриндорлари тақдирланди

Жорий йилнинг 19 сентябрь — 4 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган XVII Осиё ўйинларида вакилларимиз 9 олтин, 14 кумуш ва 21 бронза медални, жамоавий баҳслар ҳисобга олинганда жами 12 олтин, 14 кумуш ва 35 бронза медални қўлга киритганидан яхши хабардорсиз.

Ана шу нуфузли мусобақада бор маҳоратини намойиш этиб, Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги шон-шуҳратини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган спортчиларимиз Президентимизнинг 2014 йил 8 октябрдаги фармойишига мувофиқ, пул мукофотлари билан тақдирланди.
Пойтахтимиздаги “Олимпия шон-шуҳрати” музейида Осиё ўйинлари ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишлаб ташкил этилган маросимда мукофотлар ўз эгаларига топширилди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юртимизда тинчлик ва осойишталикни, халқимизнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир. Буни ҳар биримиз шаҳару қишлоқларимизда изчил давом этаётган бунёдкорлик ишлари, тобора юксалиб бораётган ҳаёт манзаралари, жамиятга ҳал қилувчи куч сифатида дадил кириб келаётган ёшлар тарбиясига қаратилаётган катта эътибор мисолида кўриб-билиб турибмиз. Жумладан, мазкур жараёнда ўғил-қизлар ўртасида спортни оммалаштириш мақсадида уларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Бири-биридан ажойиб спорт иншоотлари барпо этилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Зеро, Президентимиз айтганларидек, “Фарзандларимизнинг спортга қизиқиши ва интилишини, керак бўлса, спортга бўлган меҳрини айни ёш болалик давридан уйғотган тақдирдагина спорт ҳар қайси одамнинг ҳаётида, ҳақиқатан ҳам, доимий ҳамроҳ бўлиб қолишига эриша оламиз”.
Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, болалар ва ўсмирлар ўртасида спортни янада оммалаштириш, соғлом ҳаёт тарзини кенг қарор топтириш, баркамол авлодни шакллантиришнинг ноёб тизими йўлга қўйилди. Уч босқичли — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари спортсевар ёшларимизни юксак марралар сари ҳаракатлантирувчи ўзига хос парвоз майдонига айланди. Албатта, бундай эътибор ва ғамхўрлик амалда ўз самарасини бермоқда. Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган XVII Осиё ўйинларида спортчиларимиз эришган зафар бунинг тасдиғидир.
Халқимиз атлетларимиз қўлга киритган ушбу натижадан беҳад ғурур ва ифтихор ҳиссини туйди. Бошқача айтганда, юртдошларимиз уларнинг ютуқларини ўз ғалабасидек қабул қилди. Мазкур муваффақиятларнинг асосий мазмун-моҳияти ва аҳамияти шундаки, у Ўзбекистон номи ҳамда нуфузини бутун дунёда янада юксалтирди, халқимизнинг куч-қудрати ҳамда салоҳиятини кенг намоён этди.
Икки ҳафтадан кўпроқ давом этган нуфузли мусобақада 228 нафар ҳамюртимиз бокс, бадиий гимнастика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, дзюдо, оғир ҳамда енгил атлетика, эркин ва юнон-рум кураши, сузиш, велоспорт, спорт гимнастикаси, стол тенниси, таэквондо (WTF) каби спорт турлари бўйича ўтказилган баҳсларда қатнашди.
Беллашувлар якунида вакилларимиздан Бекзод Абдураҳмонов, Рашид Қурбонов (эркин кураш), Рустам Ассакалов (юнон-рум кураши), Светлана Радзивил, Екатерина Воронина (енгил атлетика), Алексей Мочалов, Вадим Меньков (байдарка ва каноэда эшкак эшиш), Жасур Бойқўзиев (таэквондо WTF), Жамила Раҳматова, Валерия Давидова, Анастасия Сердюкова, Равиля Фархутдинова (бадиий гимнастика, жамоавий) олтин, Дилшоджон Турдиев (юнон-рум кураши), Александра Котлярова, Леонид Андреев (енгил атлетика), Эрнест Ирназаров (байдарка ва каноэда эшкак эшиш), Дмитрий Шокин, Никита Рафалович, Максим Рафалович (таэквондо WTF), Оксана Чусовитина, Антон Фокин, Абдулла Азимов (спорт гимнастикаси), Шаҳобиддин Зоиров, Исроил Мадримов (бокс), Дилшод Чориев (дзюдо), Барно Мирзаева (каратэ) кумуш, Ихтиёр Наврўзов, Умиджон Исманов (эркин кураш), Бесики Солдадзе (юнон-рум кураши), Юлия Тарасова, Надежда Дўсанова, Иван Зайцев (енгил атлетика), Серик Мирбеков, Герасим Кочнев, Сергей Борзов, Вячеслав Горн, Алексей Мочалов, Александр Тронин (байдарка ва каноэда эшкак эшиш), Анастасия Сердюкова (бадиий гимнастика), Ойбек Мамазулунов, Мирзоҳиджон Абдуллаев (бокс), Мирзоҳид Фармонов, Рамзиддин Саидов, Абдулла Тангриев (дзюдо, шахсий ҳисобда), Ришод Собиров, Абдулла Тангриев, Дилшод Чориев, Яҳё Имомов, Наврўз Жўрақобилов, Мирзоҳид Фармонов, Сойиб Қурбонов, Сарвар Шомуродов (дзюдо, жамоавий беллашувларда), ўофуржон Зоҳидов, Шаҳбоз Аҳадов (каратэ), Маҳлиё Тоғаева, Улуғбек Алимов, Сардорбек Дўстмуродов (оғир атлетика), Денис Истомин, Фаррух Дўстов, Темур Исмоилов, Санжар Файзиев (теннис, жамоавий) бронза медалини қўлга киритди.
— Осиё ўйинлари ғолиби бўлганимдан бениҳоя хурсандман, — дейди олтин медаль соҳиби Бекзод Абдураҳмонов. — Мусобақа давомида халқимиз ва Президентимизнинг эътибор ҳамда ғамхўрлигини ҳис қилиб турдик. Эндиги мақсадим — 2016 йили Рио-де-Жанейрода бўладиган навбатдаги ёзги Олимпиада ўйинларида қатнашиб, юртимиз байроғини баланд кўтариш.
Эътиборли жиҳати, мазкур нуфузли мусобақада совринли ўринларни қўлга киритган спортчиларимизнинг ўн уч нафарини хотин-қизлар ташкил этди. Бу мамлакатимизда хотин-қизлар спортига алоҳида эътибор қаратилаётганининг яққол натижасидир. Айниқса, бадиий гимнастикачи қизларимизнинг ғолибликка эришгани Ўзбекистонда мазкур спорт тури жадал ривожланиб бораётганини кўрсатди.
— Инчеонда совринли ўринларни қўлга киритишни астойдил мақсад қилгандик, — дейди бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Жамила Раҳматова. — Чунки мусобақага муносиб тайёргарлик кўришимиз учун давлатимиз томонидан бизга барча шарт-шароит яратиб берилди. Халқимиз, Президентимиз ишончини оқлаганимиздан беҳад мамнунмиз.
Яна бир диққатга молик томони, қитъа ўйинларида вакилларимиз асосий совринли ўринларни Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин олган спорт турлари бўйича қўлга киритишди. Бунда, албатта, Президентимизнинг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлди. Мазкур ҳужжатда спортчиларимизни Олимпиада ўйинларига пухта тайёрлаш, спорт федерацияларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, хорижий мамлакатларда мураббий ва ҳакамларнинг малака оширишини ҳамда спортчиларимизнинг ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, уларнинг халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этишини таъминлаш каби муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Маросимда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Марс Қўчқоров, спортчилар Бекзод Абдураҳмонов, Жамила Раҳматова, Жасур Бойқўзиев, Светлана Радзивил ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримовга мамлакатимизда спортни ривожлантириш ва спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатаётган доимий эътибори учун самимий миннатдорлик билдирди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев сўзга чиқди.

Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn