Ёшларимиз Осиё чемпионлиги учун курашади
  • 10 Октябрь 2014

Ёшларимиз Осиё чемпионлиги учун курашади

Қитъамизнинг Мьянма мамлакатида ёшлар ўртасида (U-19) Осиё чемпионати баҳслари бошланди. Мазкур биринчиликда жами 16 та терма жамоа тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда мусобақа ғолиблиги ва Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун кураш олиб боради.

Хусусан, ушбу нуфузли турнирда Равшан Ҳайдаров бош мураббийлигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳам қатнашмоқда.
Тақвимга кўра, вакилларимиз мусобақанинг “B” гуруҳида Индонезия, БАА ҳамда Австралия ёшлар терма жамоаларига қарши баҳс юритади. Бугун Равшан Ҳайдаров шогирдлари дастлабки турда индонезиялик тенгдошларига қарши майдонга тушади. 12 октябрда бўлиб ўтадиган иккинчи тур беллашувларида ҳамюртларимиз БАА, 14 октябрь куни ташкил этиладиган сўнгги учрашувда эса Австралия ёшлар терма жамоаси билан куч синашади.
Осиё чемпионати ўйинларига Мьянманинг икки шаҳри — Янгон ва Нейпидо мезбонлик қилаётир. Ёш футболчиларимиз ўйинларни Янгондаги “Thuwunna” стадионида ўтказади. Агар терма жамоамиз гуруҳ баҳслари ва чорак финалдан муваффақиятли ўтиб, ярим финал босқичига йўл олса, 2015 йили ёшлар ўртасида уюштириладиган Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси шу пайтгача 3 маротаба — 2003, 2009 ва 2013 йиллардаги мундиаль баҳсларида қатнашган, 2008 йили эса қитъа биринчилигида кумуш медаль билан тақдирланган.

Осиё чемпионатига йўл олган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркиби:
Дарвозабонлар:
Дилшод Ҳамроев (“Қизилқум”), Сарвар Каримов (“Локомотив”), Ботирали Эргашев (“Пахтакор”).
Ҳимоячилар:
Акром Комилов, Хуршид ўиёсов (“Бунёдкор”), Одил Ҳамробеков (“Насаф”), Иброҳим Абдуллаев (“Пахтакор”), Достон Турсунов (“Нефтчи”), Фирдавс Абдусалимов (“Динамо”), Рустам Ашурматов (“Қўқон-1912”).
Ярим ҳимоячилар:
Отабек Шукуров (“Машъал”), Жавоҳир Соҳибов, Жавоҳир Сиддиқов, Жамшид Болтабоев, Илҳом Абдуғаниев, Равшан Хурсанов (“Пахтакор”), Миржамол Қосимов, Сардор Азимов (“Бунёдкор”), Бобур Давлатов (“Рубин”, Россия).
Ҳужумчилар:
Достон Ҳамдамов, Забиҳилло Ўринбоев (“Бунёдкор”), Элдор Шомуродов, Аслиддин Абдиев (“Машъал”).


Суннатилла ИСЛОМОВ
тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn