Ҳамюртларимиз — Осиё ўйинлари ғолиби
  • 30 Сентябрь 2014

Ҳамюртларимиз — Осиё ўйинлари ғолиби

Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт! Бу қутлуғ каломда болажон халқимизнинг ўз ўғил-қизларига қанчалик меҳрибонлиги, келажак авлодни вояга етказишдаги улкан масъулияти мужассам.

Шу боис юртимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб вояга етиши учун барча шарт-шароит яратилаётир. Бундай имкониятлардан фойдаланиб, ўз истеъдод ва салоҳиятини намоён этишни хоҳловчилар учун ҳам кенг йўл очиб берилган. Муҳими, Президентимиз раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спортни, хусусан, болалар спортини ривожлантириш, навқирон авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш мақсадида олиб борилаётган эзгу ишлар юксак ютуқларга замин бўлиб хизмат қилмоқда. Бу Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида давом этаётган XVII Осиё ўйинларида спортчиларимиз эришаётган муваффақиятларда ҳам яққол ўз ифодасини топаяпти. Мазкур нуфузли мусобақанинг навбатдаги кунларида ҳамюртларимиз бешта олтин, битта кумуш ва бешта бронза медалини қўлга киритишди.
XVII Осиё ўйинларида терма жамоамиз ҳисобига илк олтин медални эркин кураш устаси Бекзод Абдураҳмонов келтирди. Вазни 70 килограммгача бўлган полвонлар мусобақасида у тожикистонлик Сомиршо Воҳидов, хитойлик Линг Хаивеи ва япониялик Кожима Такафумини мағлубиятга учратиб, финалга чиқди. Ҳал қилувчи баҳсда Бекзод мезбон курашчи Ох Манхони мағлуб этди.
Вазни 74 килограммгача бўлган эркин курашчилар ўртасида ҳамюртимиз Рашид Қурбонов айни пайтда қитъанинг энг кучли спортчиси эканлигини исботлади. Моҳир полвонимиз финалга қадар ҳиндистонлик Ядав Панчам, туркманистонлик Рамазон Қамбаров ва япониялик Дайсуке Шимадани енгди. Олтин медаль учун кечган беллашувда эса эронлик Иззатулло Акбаризаринколаидан устун келган вакилимиз Осиё ўйинлари ғолиби бўлди.
Эркин кураш бўйича ўтказилган беллашувларда ҳамюртларимиз Ихтиёр Наврўзов ва Умиджон Исманов ўз вазн тоифаларида бронза медали билан тақдирланишди.
Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича ташкил этилган мусобақаларда ўзбекистонлик спортчилар томонидан иккита олтин, битта кумуш ва иккита бронза медали жамғарилди. Жумладан, Алексей Мочалов 1000 метр масофага байдаркада эшкак эшиш бўйича яккалик баҳсларида  маррага биринчи бўлиб етиб келди ва чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди.
Икки карра жаҳон чемпиони Вадим Меньков эса худди шу масофага каноэда эшкак эшиш мусобақасида рақибларини ортда қолдирди.
Яна бир вакилимиз Эрнест Эрназаров 200 метр масофага байдаркада эшкак эшувчилар яккалик баҳсида кумуш медални қўлга киритди.
Каноэда эшкак эшиш бўйича жуфтликлар ўртасидаги 1000 метр масофага ўтказилган пойгада Серик Мирбеков ва Герасим Кочневдан иборат дуэт мусобақанинг бронза медали билан тақдирланди.
Тўрт кишилик қайиқда байдаркада эшкак эшиш мусобақасида Сергей Борзов, Вячеслав Горн, Алексей Мочалов, Александр Тропин квартети маррага учинчи бўлиб етиб келиб, бронза медали соҳиби бўлишди.
Енгил атлетика бўйича баҳсларда ҳам ўзбекистонлик спортчилар муваффақиятли иштирок этди. Хусусан, хотин-қизлар ўртасида бўлиб ўтган еттикураш беллашувларида ҳамюртларимиздан Екатерина Воронина олтин, Юлия Тарасова эса бронза медалига сазовор бўлди.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn