Осиё ўйинлари шаҳарчасида Ўзбекистон Давлат байроғи кўтарилди
  • 19 Сентябрь 2014

Осиё ўйинлари шаҳарчасида Ўзбекистон Давлат байроғи кўтарилди

Ўзбекистон спорт делегацияси XVII  Осиё ўйинларида иштирок этиш учун Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрига етиб келди.

Осиё ўйинларининг спорт шаҳарчасида қитъамизнинг 45 мамлакати  спорт делегациялари жойлашди. Шаҳарча янги бунёд этилган 22 қаватли тураржой бинолари ва 15 минг кишилик 2,2 минг квартирани ўз ичига олган уч кварталдан иборат.
Осиё ўйинларини юқори савияда ўтказиш мақсадида Инчеон шаҳрида қатор спорт объектлари, жумладан, олтита спорт майдони, Аква-марказ, волейбол зали ва теннис мажмуаси, спорт саройи ва марказий стадион барпо этилган. Марказий стадионда XVII Осиё ўйинларининг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимлари бўлиб ўтади.
Ўзбекистон спорт делегацияси энг катта делегациялардан биридир. Улар орасида дзюдочи Ришод Собиров, боксчи Ойбек Мамазулунов, енгил атлетикачи Светлана Радзивил, теннисчи Денис Истомин, оғир атлетикачи Улуғбек Алимов ва Руслан Нурудинов каби машҳур спортчилар бор. XVII  Осиё ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган машҳур спортчиларимизнинг аксарияти Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ўтказиб келинаётган уч босқичли спорт мусобақалари — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиадада кашф этилган. Олимпия ҳаракати принципларига тўла мувофиқ равишда ўтказиб келинаётган ушбу мусобақалар юз минглаб ёшлар учун оммавий спорт майдони, халқаро ареналарда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир истеъдодли спортчиларни тайёрлаш мактабига айланди.
18 сентябрь куни спорт шаҳарчасининг расмий, маданий, тантанали тадбирлар ўтказиладиган майдонида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграб, Давлат байроғи кўтарилди. 
— Нуфузли спорт мусобақаларидан бири бўлган Осиё ўйинларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш бизга ғурур бағишлайди, — дейди оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатининг кумуш медали совриндори Улуғбек Алимов. — Давлатимиз мадҳияси янграб, байроғимиз кўтарилганда, қалбимиз фахр-ифтихорга тўлди. Спорт шаҳарчасида ҳилпираб турган байроғимизни кўриб, шундай нуфузли мусобақада, аввало, мустақиллигимиз шарофати, Президентимиз томонидан соғлом, баркамол авлодни тарбиялашга қаратилаётган эътибор, спорт билан шуғулланиш учун яратилаётган қулай шароит туфайли иштирок этаётганимизни ҳис қилдик. Спорт том маънода ҳаётимизнинг мазмунига айланган. Бизга билдирилган ишончни оқлаш ва юқори натижаларни қўлга киритиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.
Инчеон шаҳридаги XVII Осиё ўйинларида қитъанинг энг сара спортчилари 50 спорт тури бўйича ўзаро беллашади. Ўзбекистонлик 300 нафарга яқин спортчи бокс, эркин ва юнон-рум кураши, дзюдо, оғир атлетика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, академик эшкак эшиш, слалом, енгил атлетика, сузиш, синхрон сузиш, сув полоси, бадиий ва спорт гимнастикаси, трамполин, ўқ отиш, теннис, таэквондо (WTF), велоспорт, футбол каби спортнинг 32 тури бўйича мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.

ИНЧЕОН. 18 сентябрь. ЎзА махсус мухбири Меҳрибон МАМЕТОВА хабар қилади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Соғлом ҳаёт сари Осиё ўйинлари бошланди »