Она юрт шаънини улуғлаш
  • 17 Сентябрь 2014

Она юрт шаънини улуғлаш

нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилувчи спортчиларнинг энг юксак мақсадидир

Шу йилнинг 19 сентябрь — 4 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ХVII Осиё ўйинларида қатнашадиган Ўзбекистон спорт делегацияси аъзолари анъанага мувофиқ мамлакатимиз Бош майдонидаги Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйишди.
Мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида спортни ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор туфайли иқтидорли ўғил-қизларимиз кўплаб нуфузли халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этмоқда. Кейинги йилларда жаҳон, қитъа чемпионатлари, Осиё ва Олимпиада ўйинларида ғолибликни қўлга киритаётган спортчиларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда.
Айтиш жоизки, навбатдаги Осиё ўйинларига ўзбекистонлик спортчилар пухта ҳозирлик кўриши учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароит яратиб берилди. Бунда Президентимизнинг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлди. Мазкур ҳужжат халқаро спорт майдонларида эришаётган ютуқларимиз салмоғини янада ошириш ҳамда мамлакатимизда олимпия ҳаракатини ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди.
Ўзбекистонлик спортчилар 1994 йилдан буён Осиё ўйинларида қатнашиб келмоқда. Эътиборли жиҳати, шунга мос равишда атлетларимизнинг натижалари ҳам яхшиланиб бораётир. Хусусан, 2010 йили Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларида мамлакатимиз спортчилари 11 олтин, 22 кумуш, 23 бронза — жами 56 медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида кучли ўнликдан жой олган эди.
ХVII Осиё ўйинларида 300 нафарга яқин ҳамюртимиз 32 спорт тури бўйича совринли ўринлар учун кураш олиб боришади.
— Осиё ўйинларида истеъдодимиз ва маҳоратимизни кўрсатишга астойдил ҳаракат қиламиз, — дейди камондан ўқ отиш бўйича терма жамоамиз бош мураббийи Гулнора Арипова. — Турли мусобақаларда қатнашиб, тажриба тўпладик. Бугун юртимизнинг Бош майдонида туриб, ўзимизга сўз бердик. Биз, шубҳасиз, Ватанимизга ғалаба билан қайтамиз.

Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn