Футбол баҳори яқин
  • 07 Февраль 2014

Футбол баҳори яқин

Хабарингиз бор, ўтган йили футбол бўйича мамлакатимиз олий лигасида совринли ўринларни эгаллаган “Бунёдкор”, “Локомотив” ҳамда “Насаф” жамоалари тез орада бошланадиган Осиё чемпионлар лигасида юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

Мазкур клублар айни пайтда тайёргарликни юқори суръатда олиб бориш мақсадида хорижга сафар уюштириб, бир қатор ўртоқлик ўйинларини ўтказишди. Хусусан, дастлабки йиғинини Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ташкил этган “Бунёдкор” жамоаси Россия премьер лигаси вакиллари — “Динамо” ва “Урал” жамоалари билан дуранг ўйнаб, Москванинг “Спартак” клубига қарши кечган беллашувда 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради.
Чемпионатнинг кумуш медали соҳиби “Локомотив” ҳам Дубай шаҳрида 4 та ўртоқлик баҳсида куч синашиб, иккитадан ғалаба ва мағлубият қайд этди. “Темир йўлчилар” Қозоғистоннинг “Қайрат” ҳамда Россиянинг “Урал” жамоаларини енгишган бўлса, Украинанинг энг кучли клуби — Донецкнинг “Шахтёр” ва Хитой вакили “Бейжинг Гуоан”га кичик ҳисобларда ютқазиб қўйдилар. Назорат-синов ўйинлари доирасида Қаршининг “Насаф” клуби ҳам тўрт учрашув ўтказиб, унинг 3 тасида ғалаба қозонди ва бир ўйинда имкониятни бой берди. Шу кунларда Рўзиқул Бердиев шогирдлари Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бўлажак ўйинга тайёргарлик кўришаяпти.
Осиё қитъасининг нуфузли мусобақаси — Чемпионлар лигаси Ўзбекистон вакиллари учун бу сафар “1+2” квотасини тақдим этгани туфайли чемпионат ғолиби ҳамда кубоги соҳиби “Бунёдкор” баҳсларни гуруҳ учрашувларидан бошлайди. “Локомотив” ва “Насаф” жамоалари эса уч босқичдан иборат саралаш беллашувлари орқали гуруҳ йўлланмасини қўлга киритиш учун майдонга чиқишади. Дастлабки босқичдан озод қилинган вакилларимиз 8 февраль куни иккинчи босқичдан саралаш баҳсларига киришадилар. Шу куни “Насаф” сафарда Қатарнинг “Ал-Жайиш” клубига қарши тўп суради. Мазкур жамоа сафида бир қатор легионерлар, жумладан, Бразилия, Франция, Тунис, Жанубий Кореядан футболчилар борлигини инобатга олсак, мамлакатимиз бронза медали соҳибига осон бўлмаслиги аниқ. “Локомотив” эса Кувайтнинг кўп карра чемпиони “Кувайт СК” жамоасини Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида қабул қилади.

Суннатилла ИСЛОМОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn