Қитъа биринчилигидаги ажойиб ғалаба
  • 13 Сентябрь 2014

Қитъа биринчилигидаги ажойиб ғалаба

Хитой Тайпейида академик эшкак эшиш бўйича ўсмирлар ўртасида ташкиллаштирилган Осиё чемпионатида ҳамюртимиз Шаҳбоз Холмирзаев кумуш медални қўлга киритди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасидан маълум қилишларича, истеъдодли ёш спортчимиз 2000 метр масофага яккалик қайиқларда ўтказилган пойгада 7 дақиқа 40,95 сония натижа билан маррага иккинчи бўлиб етиб келган.
Мазкур масофада олтин ва бронза медаллар гонконглик Чан Юк Ман ҳамда Япония вакили Наоики Такадага насиб этди.

Ҳамюртимиз — жаҳон чемпиони
Даниянинг Копенгаген шаҳрида фахрийлар ўртасида оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати ўтказилди.
Мазкур нуфузли мусобақада 45-49 ёшли оғир атлетлар ўртасида имкониятини синаб кўрган ҳамюртимиз Вячеслав Брюхов олтин медалга сазовор бўлди. Спортчимиз штангани даст кўтаришда 120, силтаб кўтаришда 160, иккикураш бўйича 280 килограмм натижани қайд этди. Бу орқали тажрибали атлетимиз кумуш медаль совриндори, германиялик Йенс Каббе кўрсатган натижадан нақд 29 килограмм зиёд оғирликни бўйсундирди.

Жаҳонгир Воҳидов —  халқаро гроссмейстер
Ўзбекистонлик шахматчилар орасида халқаро гроссмейстер талабини бажарган спортчилар сафи яна кенгайди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасидан маълум қилишларича, Халқаро шахмат федерацияси — FIDE кўплаб нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган ўн тўққиз ёшли спортчимиз Жаҳонгир Воҳидовга халқаро гроссмейстер унвонини бериш тўғрисида қарор қабул қилган.
Умидли спортчимиз 16 ёшида халқаро спорт устаси талабини бажарган эди. Орадан уч йил ўтиб у халқаро гроссмейстер бўлди. Шу тариқа ўзбекистонлик халқаро гроссмейстерлар сони ўн бир нафарга етди.
Эътиборли жиҳати, Жаҳонгирнинг отаси Тоҳир Воҳидов ҳам шахмат бўйича халқаро гроссмейстердир.

Ўсмирларимиз чорак финалда
Шу кунларда Таиландда футбол бўйича ўн олти ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати баҳслари бўлиб ўтмоқда.
Мусобақада ўн олти юрт терма жамоаси тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда совринли ўринлар ҳамда келаси йили Чилида ўтказиладиган жаҳон чемпионатининг тўрт йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда.
Турнирнинг “С” гуруҳидан жой олган ўзбекистонлик ўсмирлар дастлабки турда непаллик рақибларига қарши майдонга тушиб, дуранг (1:1) натижа қайд этган эди.  Навбатдаги турда вакилларимиз КХДР ёш футболчилари устидан 3:2 ҳисобида ғалабага эришди. Гуруҳ босқичидаги сўнгги беллашувни кувайтлик тенгқурларига қарши ўтказган ҳамюртларимиз янада йирикроқ ҳисобда муваффақият қозонди — 4:2.
Шу тариқа уч ўйинда 7 очко жамғарган футболчиларимиз гуруҳ пешқадами сифатида чорак финал босқичига йўл олди. Ушбу квартетда иккинчи ўрин КХДР ўсмирлар терма жамоасига насиб этди.
Бошқа гуруҳларда юқори натижаларга эришган Жанубий Корея, Малайзия, Австралия, Япония, Эрон ва Сурия терма жамоалари ҳам кейинги босқич масаласини ҳал қилишди.
Вакилларимиз энди 14 сентябрь куни Сурия ўсмирлар терма жамоасига қарши кечадиган ўйинда ярим финал ва жаҳон чемпионати йўлланмаси масаласини ҳал қиладилар.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn