Дунё полвонлари Тошкентда беллашмоқда
  • 09 Сентябрь 2014

Дунё полвонлари Тошкентда беллашмоқда

Пойтахтимизда эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати бошланди.

Бутунжаҳон кураш иттифоқи (UWW), Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва мамлакатимиз спорт курашлари ассоциацияси томонидан ташкил этилган нуфузли мусобақада 100 дан ортиқ давлатдан 800 нафардан зиёд спортчи 24 вазн тоифасида совринли ўринлар учун кураш олиб бормоқда.
Бундай нуфузли спорт анжуманларига мезбонлик қилиш ҳар қандай давлатга ҳам насиб этавермайди. Бунга эришиш учун, албатта, етарли шароит ва халқаро талабларга жавоб бера оладиган спорт базасига эга бўлиш лозим. Бизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайдиган жиҳати, Ўзбекистон ана шундай имкониятларга эга мамлакатлардан биридир. Истиқлол йилларида юртимизда Президентимиз раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, шу асосда жойларда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ўтган йилларда катта куч ва маблағ эвазига ҳар бир ҳудудда юзлаб спорт мажмуалари, стадионлар, сузиш ҳавзалари барпо этилгани бунинг амалий тасдиғидир. Ана шундай масканларда тарбияланаётган Ватанимиз ёшлари бугун қитъа, жаҳон чемпионатлари ҳамда Олимпиада ўйинларида муносиб қатнашиб, барчанинг эътирофига сазовор бўлмоқда.
Қолаверса, мамлакатимиз қайси спорт тури бўйича мезбонлик масъулиятини зиммасига олган бўлса, уни доимо юксак савияда адо этиб келаётир. Буни хорижлик спортчилар, мураббийлар, мутахассислар алоҳида тилга олиб ўтишади.
Маълумки, 2011 йили Туркияда бўлиб ўтган дунё биринчилиги доирасида 2014 йилги эркин, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатини қайси мамлакатда ташкил этиш масаласи кўриб чиқилганди. Ўшанда ушбу нуфузли мусобақани ўтказишга Ўзбекистон, Швеция, Финляндия, Венгрия, Хорватия, Польша, Эрон, Озарбайжон сингари ўндан ортиқ давлатлар даъвогарлик қилган эди. Юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик, ривожланган спорт инфратузилмаси, мусобақаларни юқори савияда ўтказиш тажрибаси эътиборга олиниб, мезбонлик ҳуқуқи бир овоздан мамлакатимизга берилди.
Бу, албатта, республикамизда спорт курашлари бўйича халқаро мусобақаларни юксак савияда ташкил қилиш борасида катта тажриба тўпланганидан далолатдир. Негаки, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати, икки маротабадан Осиё чемпионати, Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи саралаш мусобақаси ҳамда Гран-При туркумига кирувчи “Мустақиллик кубоги” халқаро турнири ўн икки бор юқори даражада ўтказилган.
...2014 йил, 8 сентябрь. Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари спорт мактабининг муҳташам зали байрамона безатилган.
Мусиқа садолари остида майдонга мусобақа иштирокчилари кириб келади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди.
Мустақиллик йилларида спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда иштирок этишига кенг йўл очиб берилгач, мард ва жасур фарзандларимиз кўпдан-кўп муваффақиятлари билан аждодларига муносиб авлод эканликларини исботлаб, юрт довруғини дунё узра ёйишга муносиб ҳисса қўшишмоқда.
Бугун хоҳ қитъа, хоҳ жаҳон чемпионати ёки Олимпиада ўйинлари бўлсин, ғолибликка асосий даъвогарлардан бири сифатида Ўзбекистон вакилларининг номи алоҳида тилга олиб ўтилаётгани бизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди. Шубҳасиз, ана шу ютуқларнинг барчаси Президентимизнинг ёш авлод камолоти йўлида кўрсатаётган беқиёс ғамхўрлиги билан боғлиқ.
Мамлакатимиз ёшлари спортнинг эркин ва юнон-рум кураши бўйича ҳам улкан натижаларга сазовор бўлишмоқда. Бир эътибор беринг-а: мустақилликка эришганимиздан сўнг вакилларимиз ёзги Олимпиада ўйинларида жами 18 та медални қўлга киритишган бўлса, шундан 7 таси эркин ва юнон-рум кураши усталарига тегишлидир. Масалан, энг номдор полвонимиз Артур Таймазов спортда жуда кўпчилик орзу қиладиган марра — уч карра Олимпиада ўйинлари чемпиони, деган шарафли номга сазовор бўлди. Бундан ташқари, Артурда Олимпиада ўйинларининг битта кумуш медали ҳам бор. Ҳар тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида олтин медални қўлга киритган Александр Доктурашвили, кумуш медаллар соҳиби Магомед Ибрагимов ҳамда Сослан Тигиев, шунингдек, қитъа ва жаҳон чемпионатларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Дилшод Мансуров, Дилшод Орипов, Заурбек Сохиев, Қурбан Қурбанов, Элмурат Тасмуратов, Ихтиёр Наврўзов, Рашид Қурбонов, Бесики Салдадзе, Рустам Ассакалов, Мўминжон Абдуллаев сингари истеъдодларимиз билан бугун бутун ўзбекистонликлар чексиз фахрланишади. Қувонарлиси, эндиликда уларга ҳавас қилиб, она-Ватан шаънини улуғлашни энг олий мақсади деб билган ёшларимиз сафи ҳам тобора кенгайиб бораяпти.
Президентимизнинг 2012 йил 24 сентябрдаги “Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда спортнинг мазкур турларини янада ривожлантириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди. Қолаверса, эркин, юнон-рум ва аёллар кураши уч босқичли спорт ўйинлари — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада дастурига киритилган. Бу ҳам мамлакатимиз терма жамоаси учун ёш истеъдодларни саралаб олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси томонидан спортчиларнинг замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриши ва уларда муносиб иштирок этиши учун қулай шарт-шароит яратилмоқда. Шу билан бирга, эркин, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича терма жамоаларга янги истеъдодларни жалб этишга катта эътибор қаратилаяпти.
Натижада спортчиларимизнинг халқаро майдонда қўлга киритаётган ютуқлари салмоғи йилдан-йилга ошиб бораётир. Жорий йилги спорт мавсумида ўзбекистонлик курашчилар АҚШ, Канада, Латвия, Озарбайжон, Россия, Туркия, Қозоғистон каби давлатларда ўтган халқаро турнирларда муваффақиятли иштирок этди.
Нуфузли мусобақада Ихтиёр Наврўзов, Бекзод Абдураҳмонов, Рашид Қурбонов, Қурбан Қурбанов, Элмурат Тасмуратов, Бобирбек Зайлобиддинов, Бесики Салдадзе, Рустам Ассакалов, Аброрбек Мамасолиев, Зуҳра Мустанова, Севара Эшмуратова, Азиза Султанмуратова, Гулмира Исматова каби тажрибали спортчиларимиз билан бирга, ёш истеъдод эгалари ҳам Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
Мусобақалар очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов иштирок этди.

Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn