Ўсмирларимиз қитъа чемпионлиги учун беллашади
  • 06 Сентябрь 2014

Ўсмирларимиз қитъа чемпионлиги учун беллашади

Жорий йилнинг 6 — 20 сентябрь кунлари Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида футбол бўйича ўн олти ёшгача бўлган ўсмирлар (U16) ўртасида навбатдаги Осиё чемпионати ўтказилади.

Мазкур қитъа биринчилигида 16 терма жамоа совринли ўринлар учун кураш олиб боради. Улар орасида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ҳам бор.
Вакилларимиз мусобақанинг “С” гуруҳидан жой олган бўлиб, плей-офф босқичига чиқиш учун Кувайт, Корея Халқ Демократик Республикаси ва непаллик тенгдошлари билан баҳслашишади.
Ҳамюртларимиз турнирдаги биринчи учрашувни 7 сентябрь куни непаллик ўсмирларга қарши ўтказишади. Иккинчи турда эса ўзбекистонлик ёш футболчиларга КХДР вакиллари рақиблик қилади. Ўйин 9 сентябрда бўлиб ўтади. Терма жамоамизнинг гуруҳдаги сўнгги беллашуви 11 сентябрда кувайтлик спортчиларга қарши ташкил этилади.
Мусобақа низомига кўра, ўз гуруҳида биринчи ва иккинчи ўринларни қўлга киритган жамоалар плей-офф босқичида қатнашади. Ярим финалга чиққан тўрт юрт вакиллари 2015 йили Чилида ўтказиладиган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати йўлланмаларига эга бўлади.
Кези келганда айтиб ўтамиз, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бундан икки йил муқаддам Эронда ташкил этилган ана шу ёш тоифасидаги Осиё чемпионатида бош совринни қўлга киритган эди.
Мусобақанинг қолган гуруҳлари билан танишинг:
“А” гуруҳи: Жанубий Корея, Малайзия, Таиланд,  Ўмон.
“B” гуруҳи: Австралия, Гонконг, Хитой, Япония.
“D” гуруҳи: Қатар, Саудия Арабистони, Сурия, Эрон.

Ўзбекистон рекорди янгиланди
Чирчиқ шаҳрида оғир атлетика бўйича Ўзбекистон кубоги баҳслари ўтказилди.
Унда юртимизнинг турли ҳудудларидан энг тажрибали атлетлар ғолиблик учун ўзаро куч синашди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасидан маълум қилишларича, кескин курашларга бой кечган турнирнинг вазни 105 килограммдан юқори бўлган полвонлар баҳсида қатнашган Иван Ефремов даст кўтаришда 200 килограмм натижа қайд этиб, Ўзбекистоннинг янги рекордини ўрнатди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мусобақа спортчиларимиз учун жорий йилнинг 19 сентябрь — 4 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказиладиган XVII Осиё ўйинлари олдидан муҳим тайёргарлик босқичини ўтади.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn