Олимпиада ғолиб ва совриндорларига Президент совғалари топширилди
  • 01 Сентябрь 2014

Олимпиада ғолиб ва совриндорларига Президент совғалари топширилди

Жорий йилнинг 16 — 28 август кунлари Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган II ўсмирлар Олимпиадасида ёш спортчиларимиз Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 4 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медални қўлга киритди.

Шу муносабат билан пойтахтимиздаги “Олимпия шон-шуҳрати” музейида 30 август куни уларга Президентимиз совғалари топширилди.
Тадбирда таъкидланганидек, Истиқлол йилларида мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолиги ва бевосита ташаббуси билан ўсиб келаётган навқирон авлодни малакали мутахассис, жисмонан ва маънан баркамол, Ватанга садоқатли шахслар этиб вояга етказиш борасида беқиёс саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Негаки, ёшлар — миллат келажаги, улар бизнинг ишончимиз ва таянчимиздир.
Дарҳақиқат, юртимизда инсон омилига ҳал қилувчи ва асосий куч сифатида қаралиб, юксак маънавиятга эга, замонавий билимларни ўзлаштирган, ҳар соҳада дунё мамлакатлари ёшлари билан тенгма-тенг баҳсга кириша оладиган янги авлодгина жамиятнинг эртанги тараққиётини белгилашига ишонч билдирилаётир.
Фарзандининг бахту камолини кўриш орзусида яшаш — халқимизга хос хислат. Айни шу жиҳатдан ўйлаганда, биз дунёнинг кўпгина халқлари ҳавас қилса арзийдиган шароитда яшаяпмиз. Баъзи давлатларда одамлар боласини ўқитиш у ёқда турсин, уни тузукроқ кийинтириш, овқатлантириш учун муаммога дуч келаётган бўлса, мамлакатимизда, аввало, умумий таълим бепул эканлигига эътибор қаратайлик. Боланинг онгу тафаккури шаклланиб, ҳаёт ҳақидаги тушунчаси айни куртак отаётган кезда уларни ўқитувчи-мураббийлар қўлига ишониб топширамиз.
Ўғил-қизларимиз учун шаҳару қишлоқларимизда кенг ва ёруғ, барча шарт-шароитга эга замонавий умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари барпо этилаяпти. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида халқаро талабларга мос стадионлар, спорт мажмуалари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, сузиш ҳавзалари фаолият юритмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, болалар ва ўсмирлар ўртасида спортни оммалаштириш, соғлом ҳаёт тарзини кенг қарор топтириш, баркамол авлодни шакллантиришнинг ноёб тизими йўлга қўйилди. Болалар спорти таълим-тарбия соҳасининг узвий қисмига айланди.
Бундай эътибор ва ғамхўрликни ўз тараққиёт йўлига эга, инсон манфаатлари устувор саналган мамлакатимизда эзгуликка йўғрилган ислоҳотларнинг ҳаётий самарасини кўрмаслик, сезмаслик, ҳис қилмаслик мумкин эмас.
Бунга Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган II ўсмирлар Олимпиадасида ёш спортчиларимиз эришган муваффақият мисолида ҳам яна бир карра ишонч ҳосил қилинди.
Халқимиз энг улуғ, энг азиз байрам — Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда ҳар биримиз ўғил-қизларимиз эришган ушбу натижадан беҳад ғурур ва ифтихор туйдик.
Бошқача айтганда, бутун халқимиз уларнинг ютуқларини ўз ғалабасидек қабул қилди. Шу нуқтаи назардан қараганда, фарзандларимизнинг олис бир мамлакатда қўлга киритган улкан зафарлари барчамизнинг ютуғидир. Мазкур муваффақиятнинг асосий мазмун-моҳияти ва аҳамияти шундаки, у Ўзбекистон номини ва нуфузини бутун дунёда янада юксалтириш, халқимизнинг куч-қудрати ҳамда салоҳиятини кенг намоён этишга хизмат қилади. Ўзбекистон фарзандларининг бу улкан ютуғи спорт соҳасига энди кириб келаётган, забардаст спортчиларимизнинг сафига қўшилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган ёшларга ибрат бўлиши билан ҳам эътиборлидир.
Қарийб икки ҳафта давомида 28 нафар спортчимиз бадиий гимнастика, бокс, дзюдо, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), трамполин, ўқ отиш, академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича ташкил этилган мусобақаларда муносиб қатнашиб, спортимиз тарихида яна бир янги саҳифа очди.
Хуссан, боксчимиз Бектемир Мелиқўзиев, юнон-рум кураши устаси Илҳом Баҳромов, дзюдочи Суҳроб Турсунов ва ўқ отиш баҳсларида қатнашган Владимир Свечников олтин медални қўлга киритди.
Спортчиларимиздан Умида Абдуллаева, Сулаймон Латипов, Фарҳодбек Собиров кумуш, Адҳамжон Эргашев, Суҳроб Турсунов ва Темур Қодиров бронза медали билан тақдирланди.
Умидли спортчиларимиз Абубакр Алимов, Козимбек Мардонов, Шаҳбоз Абдужабборов, Вадим Скороваров, Артем Пухнатий, Андрей Правдивцев, Артур Гулиев, Амиран Бабаян, Шаҳодат Жўллибоева, Вероника Орлова, Анора Давлатова, Комила Рустамова, Карина Тоғаева, Сабрина Рамазонова, Гўзал Райманова, Ирина Салех, Комила Абдуллаева, Юлдуз Кульговая ва Регина Ким учун Нанкин Олимпиадаси катта тажриба мактаби вазифасини ўтади.
Тадбирда ўсмирлар ўртасидаги II Олимпиада ўйинлари ғолиб ва совриндорлари ҳамда иштирокчилари Президентимиз Ислом Каримов совғаси — энг сўнгги русумдаги замонавий компьютерлар билан тақдирланди.
— Олимпиадада Ватан шарафини ҳимоя қилиш ҳар бир спортчи учун катта бахт ва менга ҳам бу насиб этганидан бениҳоя хурсандман, — дейди Суҳроб Турсунов. — Мусобақа давомида халқимиз ва Президентимизнинг доимий эътибори ва ғамхўрлигини ҳис қилиб турдик. Бизни бундай маҳорат ва жасорат соҳиби этиб тарбиялаган она-Ватанимиз олдидаги масъулият бизга катта шижоат ва ғайрат бағишлайди.
Маросимда сўз олган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси Баҳодир ўаниев, Ўзбекистон халқ шоирлари Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзо, ФИФА рефериси Равшан Ирматов, спортчилар Бектемир Мелиқўзиев, Суҳроб Турсунов ва бошқалар мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатаётган улкан эътибори учун Президентимизга миннатдорлик изҳор этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев сўзга чиқди.

Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.




Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn