Ватанни улуғлаш саодати
  • 30 Август 2014

Ватанни улуғлаш саодати

Хитойнинг Нанкин шаҳрида бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги II Олимпиада ўйинларида муваффақиятли қатнашган спортчиларимиз кеча “Тошкент” халқаро аэропортида катта тантана билан кутиб олинди.

Шу муносабат билан бу ерга давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, олимпиадачиларнинг ота-оналари, журналистлар йиғилди.
Ушбу нуфузли мусобақада 28 нафар ёш спортчимиз бадиий гимнастика, бокс, дзюдо, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), трамполин, ўқ отиш, академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, юнон-рум ҳамда хотин-қизлар кураши бўйича ўтказилган беллашувларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 4 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медални қўлга киритди. Бу уларнинг Мустақиллигимизнинг 23 йиллик байрамига ажойиб туҳфаси бўлди. Умидли спортчиларимиздан Бектемир Мелиқўзиев (бокс), Илҳом Баҳромов (юнон-рум кураши), Суҳроб Турсунов (дзюдо, жамоавий), Владимир Свечников (ўқ отиш, микст) Олимпиада чемпионлигига эришди. Сулаймон Латипов (бокс), Умида Абдуллаева (таэквондо WTF), Фарҳодбек Собиров (оғир атлетика) кумуш, Суҳроб Турсунов (дзюдо, яккалик), Адҳамжон Эргашев (оғир атлетика), Тимур Қодиров (спорт гимнастикаси) бронза медалига сазовор бўлди.
Аслида бундай йирик мусобақаларда иштирок этишнинг ўзи ҳар қандай спортчи учун катта муваффақият. Унда ғолибликка эришиш эса, айтиш мумкинки, юксак шарафдир. Шу маънода, ёшларимиз қайд этган натижа барчамиз учун алоҳида ғурур ва ифтихор ҳиссини бағишлайди. Зеро, давлатимиз раҳбари шу йил Наманган вилоятида бўлиб ўтган “Баркамол авлод” спорт ўйинлари иштирокчиларига йўллаган табригида таъкидлаганидек, “...ҳаётдаги ҳар қандай ютуқ, айниқса, спорт оламидаги ғалаба ўз-ўзидан келмайди. Спорт майдонларида эришиладиган ютуқ — бу аввало бутун борлиғини сафарбар этиб, ўз олдига қўйган мақсад йўлида ўзини енгиб, ўзини аямасдан, курашиб яшайдиган инсоннинг ютуғи, ана шу инсонни тарбиялаб вояга етказган таълим-тарбия масканининг, бутун жамиятимизнинг ютуғидир”.
...Истиқлол йилларида юртимизда ёшлар тарбиясига, уларнинг маънан ва жисмонан соғлом бўлиб вояга етишига давлат сиёсати даражасида қаратилаётган юксак эътибор амалда ўзининг ёрқин самараларини бермоқда. Бунда Президентимизнинг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ҳамда 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Биласиз, дунёда спорт бўйича ўтказиладиган мусобақалар беҳисоб. Аммо улар орасида Олимпиада тамойиллари асосида ташкил этиладиган беллашувлар алоҳида нуфузга эга. Ушбу мусобақаларда тенглар ичра тенг бўлиб, муносиб қатнашиш осон эмас. Нанкин Олимпиадасида жаҳоннинг 170 та давлатидан 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган 3500 дан зиёд ўсмирлар спортнинг 28 тури бўйича ғолиблик учун куч синашди. Шунинг 89 тасидан бирорта ҳам вакил совриндорлар қаторидан жой ололмади. Олтин медалларга эгалик қилган давлатлар сони эса янада камроқ — 52 тани ташкил этди. Айтайлик, бир миллиард 200 миллион нафардан ортиқ аҳолиси бўлган Ҳиндистон 32 нафар спортчиси билан қатнашиб, бирорта ҳам олтин медални қўлга киритолмади. Ёки Олимпия ўйинлари ватани — Греция шарафини ҳимоя қилган атлетлардан атиги икки нафари кумуш медаль билан тақдирланди. Жанубий Африка Республикасининг 55 нафар спортчисидан атиги биттаси медалга эга бўлди. Умуман олганда, ўзбекистонлик спортчилар совринли ўринларни эгаллаш бўйича Испания, Нидерландия, Чехия, Аргентина, Швеция, Мексика, Канада, Дания, Португалия каби ўнлаб давлатлардан келган тенгқурларидан ўзиб кетишди.
Албатта, ушбу муваффақиятга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Спортчиларимизнинг мусобақага пухта ҳозирлик кўриши учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароит яратиб берилди. Жумладан, Президентимизнинг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ўсмирларимиз замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинлари ўтказишди.
— Олимпиада ўйинларига жўнаб кетишдан олдин Нанкиндан олтин медаль билан қайтишни мақсад қилгандим, — дейди Бектемир Мелиқўзиев. — Бунга эришганимдан жуда ҳам хурсандман. Давлатимизнинг юксак эътибори туфайли биз, спортчилар ана шундай натижаларга эришмоқдамиз. Бизни кутиб олишга чиққан барча-барчани ва ватандошларимизни энг улуғ, энг азиз айём — Мустақиллигимизнинг 23 йиллик байрами билан табриклайман.
— Ота-она учун фарзанд камолини кўришдан ҳам ортиқроқ бахт бўлмаса керак, — дейди Илҳом Баҳромовнинг отаси Исмоил Мустофоев. — Бугун мен ҳар қанча ғурурлансам, фахрлансам арзийдики, ўғлим нуфузли мусобақада Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юртимизга ёруғ юз билан қайтиб келди. Унинг бундай муваффақиятга эришишида мамлакатимизда Президентимиз томонидан ёшларни маънан ва жисмонан баркамол шахслар қилиб тарбиялашга қаратилаётган улкан эътибор мужассам. Ишончим комилки, бундай ғамхўрликни дилдан ҳис қилган ўғил-қизларимиз келгусида яна кўплаб мусобақаларда Ўзбекистон шарафини юксакларга кўтарадилар.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов сўзга чиқди.

Фазлиддин АБИЛОВ,
Ҳасан ПАЙДОЕВ (сурат),
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn