Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмас
  • 29 Август 2014

Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмас

“Биз ўз олдимизга қўйган буюк марраларни эгаллаш йўлида кундалик ҳаётимизда амалга ошираётган, бутун дунё тан олаётган режа ва дастурларимиз, ўсиш суръатларимиз, кундан-кунга қиёфаси ўзгариб, куч-қудратга тўлиб бораётган гўзал ва бетакрор она-юртимиз, энг муҳими, ривожланган мамлакатлардаги тенгдошлари билан тиллашув ва беллашувга тайёр бўлиб, тобора ҳал қилувчи куч даражасига кўтарилаётган сиз, азиз ёшларимиз, фарзандларимиз билан биз кўзлаган мақсадларимизга албатта эришамиз”.

Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинларида 28 нафар ёш спортчимиз бадиий гимнастика, бокс, дзюдо, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), трамполин, ўқ отиш, академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича ташкил этилган мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб 4 олтин, 3 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритди.
Президентимиз Ислом Каримовнинг жорий йил Наманган вилоятида ўтган “Баркамол авлод” спорт ўйинлари қатнашчиларига йўллаган табригидаги сўзлар ёшларимизнинг турли халқаро мусобақалар, жумладан, Хитойнинг Нанкин шаҳрида 16-28 август кунлари бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинларида юқори натижаларга эришишида кучига куч, ғайратига ғайрат қўшиб, уларни ғалаба сари руҳлантирди.
Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан жаҳон ёшлари ўртасида олимпия ҳаракатини кенг тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни оммавийлаштириш орқали навқирон авлодни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, истеъдодларни аниқлаш ва уларни катта спортнинг юксак чўққиларини забт этишга тайёрлаб бориш мақсадида ташкил этилган мазкур нуфузли спорт анжумани дунё халқларининг ўз салоҳиятини намоён этиши, ғурур ва ифтихорини юксалтиришда ўзига хос восита бўлиб хизмат қилди.
Қарийб икки ҳафта давомида жаҳоннинг 170 та давлатидан 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган 3500 дан зиёд ўсмирлар спортнинг 28 тури бўйича ғолиблик учун куч синашди. Дунё аҳли II ўсмирлар Олимпиадасини катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатгани, ўз давлатининг спортчиси ғалабаси нашидасини татиб кўргани, унинг муваффақиятини худди ўзиникидек қабул қилгани шубҳасиз. Зеро, спорт — одамларни бирдамликка чақирадиган, ҳар қайси миллат ва халқнинг жаҳон майдонидаги обрў-эътиборини юксалтирадиган қудратли кучдир.
Бугун спортчиларимиз жаҳон ареналарида ўз она-Ватани — мустақил Ўзбекистон номидан қатнашаётганидан қанчалик фахрланаётган бўлса, халқимиз ҳам уларнинг юксак ғалабаларидан шунчалик ғурурланмоқда.
Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик фарзандларимизнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етишида ҳамда Ватанимиз салоҳиятини дунёга намоён қилишда муҳим омил бўлмоқда.
Жумладан, Республика Президенти ташаббуси билан спортнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, соҳанинг ривожланиши учун халқаро стандартлар талаблари даражасида асос яратиш мақсадида 2002 йилда Республика Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил қилинди. Ўтган давр мобайнида жамғарма томонидан мамлакатнинг барча ҳудудларида спортни ривожлантириш учун 1 триллион 76 миллиард сўмликдан ортиқ маблағ сарфланди, 1979 та замонавий, муҳташам спорт иншооти барпо этилди.
Шу кунларда ҳам юртимизнинг барча ҳудудларида замонавий, зарур шароитларга эга спорт мажмуалари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, сузиш ҳавзалари, стадион ва спорт манежлари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Аҳоли, айниқса, ёшлар, болалар ва хотин-қизларни жисмоний тарбия, спорт ва соғлом турмуш тарзига жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Натижада жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчилар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бугун мамлакатимизда 2 миллиондан зиёд бола спортнинг 30 дан ортиқ тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Мамлакатимизда 2003 йилда жами ўқувчи-ёшларнинг 20,4 фоизи спорт билан шуғулланган бўлса, ҳозир бу рақам 45 фоиздан ошиб кетди.
Бу каби эзгу саъй-ҳаракатлар ўғил-қизларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Рақамларга эътибор берайлик, кейинги беш йил мобайнида 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ўртасида ўткир респиратор вирус инфекциялари билан касалланиш — 9,7 фоиз, зотилжам билан — 49,1, бронхит билан — 32,8, сколиоз билан касалланиш — 32,7 фоиз пасайган. Бу бежиз эмас, албатта! Зеро, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш, таълим, спорт сингари  соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида аҳоли, айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом, ҳар томонлама баркамол инсонлар қилиб вояга етказиш мақсади мужассамдир.
Мамлакатимизда ўғил-қизлар ўртасида спортни оммалаштириш, уларнинг иқтидорини юзага чиқаришнинг муҳим воситаси: таълим тизимидаги дунё мамлакатларида ўхшаши бўлмаган уч босқичли спорт ўйинлари — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари жорий қилиниб, ҳудудларда мунтазам ташкил этилмоқда. “Кичик Олимпиада” мақомини олган бу мусобақалар бугун минглаб спортсевар ёшларимизга бир олам қувонч, ғалаба нашидасини, унутилмас лаҳзаларни ҳадя этадиган, уларнинг орзуларини рўёбга чиқарадиган, пировардида ҳаёт йўлини белгилаб берадиган том маънода ёшлик ва баркамоллик байрамига айланди. 
Бундай эътибор ва ғамхўрлик самарасида юксак мақсадлар сари курашадиган, халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, жаҳон аҳлига Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини исботлай оладиган спортчиларнинг янги авлоди вояга етмоқда.
Нанкин Олимпиадасида 28 нафар ёш спортчимиз бадиий гимнастика, бокс, дзюдо, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), трамполин, ўқ отиш, академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича ташкил этилган мусобақаларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилди.
Ўзбекистонлик ёш спортчиларнинг нуфузли мусобақада муваффақиятли қатнашишида давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарори муҳим омил бўлди.
Ҳар қандай мамлакатнинг нуфузли спорт мусобақасида эришган натижалари аввалги мусобақалар билан таққосланади ва бу қиёс ўша давлатда спортнинг қай даражада ривожланаётганини белгилаб беради. 2010 йили Сингапурда ўтган I ўсмирлар Олимпиадасида 21 нафар спортчимиз иштирок этиб, 3 кумуш ва
6 бронза медаль билан тақдирланган бўлса, бу йилги спорт анжуманида 28 нафар олимпиячимиз қатнашиб, илк бор 4 олтин, 3 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритди. Яна бир мисол, 2010 йили Сингапур Олимпиадасига йўлланма олган спортчиларимиз, асосан, пойтахт ва еттита вилоятдан терма жамоага сараланган ёшлар бўлса, бу йилги Олимпия ўйинларига йўл олган ёшлар юртимизнинг деярли барча ҳудудларидан сараланган иқтидорли спортчилардир. Бу жойларда “оммавийликдан — профессионалликка” тизими яхши йўлга қўйилганидан далолатдир. Бу мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, ҳатто энг олис қишлоқларида ҳам спортни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани ва истиқлол берган имконият самарасидир.
Дунёда етакчилардан ҳисобланган ўзбек бокс мактабининг ёш вакили, фарғоналик Бектемир Мелиқўзиевнинг эришган натижасига бугун дунё ёшлари ҳавас қилмоқда. Бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё ва жаҳон чемпиони бўлган умидли боксчимиз энди ўсмирлар Олимпия ўйинлари олтин медалини ҳам қўлга киритди.
Ушбу Олимпиаданинг сўнгги кунида ўтказилган, вазни 69 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари баҳсида рингга чиққан Бектемир ярим финалда беларуслик Иляс Адзинаевни, финалда Доминикан Республикаси вакили Хуан Соланони мағлубиятга учратиб, ўз вазнида дунёда тенгсиз эканини яна бир карра исботлади.
— Ҳар қандай йирик мусобақада жонажон Ватан шарафини ҳимоя қилиш ҳар бир спортчининг энг эзгу орзусидир, — дейди Бектемир Мелиқўзиев. — Биз, ёшларнинг Нанкин Олимпиадасида эришган улкан ютуқларимиз  Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида спортни ривожлантириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилаётган юксак эътибор туфайлидир. Биз ғалабамизни энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллигига бағишлаймиз.
Нанкин Олимпиадасининг юнон-рум кураши бўйича вазни 50 килограммгача бўлган полвонлар беллашувида иштирок этган, юнон-рум кураши бўйича Осиё чемпиони, самарқандлик Илҳом Баҳромов ҳам делегациямиз ҳисобига олтин медаль келтириб, мухлису мутахассислар ишончини оқлади. Умидли спортчимиз саралашда жазоирлик Ҳусам Бунасрий, бразилиялик Калебе Феррейра Коррея, Маршалл ороллари вакили Кайсер Мюллерни мағлубиятга учратди. Ҳал қилувчи баҳсда озарбайжонлик Жаббор Нажафов билан куч синашган полвонимиз рақибини 3:1 ҳисобида енгиб, олтин медалга сазовор бўлди.
— Ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилиб, халқимиз ва Президентимиз ишончини оқлаганимиздан хурсандмиз, — дейди Илҳом Баҳромов. — Ҳар бир беллашув олдидан  миллионлаб юртдошларимизнинг қўллаб-қувватлашини ҳис қилиб турдик, бу бизга куч-ғайрат ва шижоат бағишлади.
Бугун халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган Ришод Собиров, Шуҳрат Арслонов, Яҳё Имомов сингари тажрибали дзюдочиларимиз сафига яна бир янги истеъдод соҳиби қўшилди. Нанкин Олимпиадасида муваффақиятли иштирок этган дзюдочи, сурхондарёлик Суҳроб Турсунов 66 килограммгача бўлган полвонлар ўртасида учинчи, жамоавий беллашувларда эса биринчи ўринни эгаллади.
Яна бир вакилимиз Владимир Свечников 10 метр масофадан тўппончадан ўқ отиш бўйича микст баҳсларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган бўлса, таэквондо (WTF) бўйича ўтказилган беллашувларда иштирок этган ҳамюртимиз Умида Абдуллаева вазни 63 килограммдан оғир бўлган таэквондочилар ўртасида иккинчи, Сулаймон Латипов вазни 49 килограммгача бўлган боксчилар беллашувида кумуш, спорт гимнастикаси бўйича баҳсларда қатнашган Тимур Қодиров бронза медалини қўлга киритди.
Сўнгги йилларда ўзбекистонлик оғир атлетикачиларнинг жаҳон ареналарида эришаётган ютуқлари сони ортиб бормоқда. Бу мамлакатимизда ушбу спорт турини ривожлантириш, ёш истеъдодларни кашф этиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг самарасидир. Масалан, оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони Руслан Нурудинов эришаётган натижалар халқаро спорт жамоатчилиги томонидан юксак эътирофга сазовор бўлаётир. Унга ҳавас қилган хоразмлик Фарҳодбек Собиров ва наманганлик Адҳамжон Эргашев II ўсмирлар Олимпиадасида муносиб иштирок этиб, ўз вазн тоифасида кумуш ва бронза медаль билан тақдирлангани оғир атлетика бўйича нуфузли мусобақаларда қўлга киритилажак ютуқлар салмоғи янада ортишидан далолатдир.
Юнон-рум кураши бўйича Абубакр Алимов, аёллар кураши баҳсларида қатнашган Шаҳодат Жўллибоева, спорт гимнастикаси бўйича Вероника Орлова, бадиий гимнастика бўйича шахсий кўп кураш баҳсларида иштирок этган Анора Давлатова, гуруҳ баҳсларида қатнашган Комила Рустамова, Карина Тоғаева, Сабрина Рамазонова, Гўзал Райманова ва Ирина Салех, боксчи Козимбек Мардонов, оғир атлетикачи Комила Абдуллаева, эшкак эшиш бўйича Шаҳбоз Абдужабборов, Артур Гулиев ва Юлдуз Кульговая, ўқ отиш бўйича Вадим Скороваров, сузиш бўйича Артем Пухнатий ва Андрей Правдивцев, стол тенниси баҳсларида иштирок этган Регина Ким ва трамполин бўйича Амиран Бабаян учун Нанкин Олимпиадаси тажриба ва маҳорат мактаби вазифасини ўтади.
Умуман олганда, Ўзбекистоннинг ёш спортчилари ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинларида ўз маҳорати, тажриба ва салоҳиятини кенг намоён этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Спортчиларимизнинг Нанкин майдонларида қўлга киритган ютуқлари халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами — Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллигига муносиб совға бўлди.
Катта спортга энди қадам қўяётган ёш олимпиячиларимизни келгусида янада нуфузли мусобақалар кутиб турибди. Улар келажакда бундан-да юксак ғалабаларга эришиб, халқимиз ва Президентимиз ишончини оқлаши шубҳасиз.

(ЎзА).

Газетамизнинг кейинги сонларида спортчиларимиз ва уларнинг ютуқлари тўғрисида батафсил маълумотлар бериб борамиз.



Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn