Ўсмирларимиз — Олимпиада чемпиони!
  • 22 Август 2014

Ўсмирларимиз — Олимпиада чемпиони!

Хитойнинг Нанкин шаҳрида давом этаётган ўсмирлар ўртасидаги II ёзги Олимпиада ўйинларининг кеча ўтказилган баҳсларида ҳамюртларимиздан икки нафари олтин, яна бири кумуш медални қўлга киритди.

Бу хушхабар ҳар бир юртдошимиз қалбига ўзгача қувонч ва ифтихор ҳиссини бағишлаши, шубҳасиз. Ахир 204 мамлакатдан 4 мингга яқин атлет совринли ўринлар учун курашаётган, жуда кучли рақобат шароитида ўтаётган мана шундай йирик мусобақада Ўзбекистон вакилларининг ғолиблар сафидан жой олганини эшитиб, ғурурланмай бўладими?! Ёш истеъдодларимизнинг ушбу ютуғи мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида спортга қаратилаётган юксак эътибор ўзининг ёрқин самараларини бераётганига яна бир амалий тасдиқдир.
Олимпиада ўйинларининг 10 метр масофадан тўппончадан ўқ отиш бўйича микст баҳсларида Владимир Свечников болгариялик Лидия Ненчева билан биргаликда франциялик Эдуард Дортомб ва норвегиялик Сара Элин Страмнестро, словениялик Хосе Сепер ҳамда ҳиндистонлик Яшасвини Сингҳ Десвал, арманистонлик Завен Игитян ва Хитой Тайпейи вакили Тин Ю Чунг, мисрлик Аҳмад Муҳаммад ҳамда сингапурлик Хию И Тех жуфтликларини мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Дзюдо бўйича жамоавий мусобақаларда қатнашган Суҳроб Турсунов “ROUGE” жамоаси (у Ўзбекистон, Португалия, Пуэрто-Рико, Аргентина, Голландия, Россия, Франция спортчиларидан таркиб топган) билан Олимпиада чемпионлигига эришди.
Таэквондо ВТФда 63 килограммгача бўлган спортчилар ўртасида ҳамюртимиз Умида Абдуллаева ҳам муваффақиятли қатнашди. У дастлаб Свазиленд давлати вакили Шарлотта Мунавини, кейин хитойлик Чен Лини мағлубиятга учратиб, финалга чиқди. Ҳал қилувчи баҳсда эса АҚШ вакиласи Кендал Йонт билан беллашган спортчимизга бир оз омад етишмади. Умида Нанкин Олимпиадасининг кумуш медали билан тақдирланди.
Шундай қилиб, мамлакатимиз спорт делегацияси мазкур нуфузли мусобақада ҳозиргача 2 та олтин, битта кумуш ва 2 та бронза — жами бешта медаль жамғаришга муваффақ бўлди. Бошқа спорт турлари бўйича ҳам ўсмирларимиз совринли ўринлар учун курашни давом эттиришмоқда.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn