Ўсмирларимизнинг дастлабки медаллари
  • 19 Август 2014

Ўсмирларимизнинг дастлабки медаллари

Хитойнинг Нанкин шаҳрида бошланган ўсмирлар ўртасидаги II ёзги Олимпиада ўйинларининг биринчи кунидаёқ икки нафар ҳамюртимиз совриндорлар сафидан жой олди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Матбуот хизматидан хабар қилишларича, вазни 66 килограммгача бўлган дзюдочилар баҳсида иштирок этган Суҳроб Турсунов дастлаб болгариялик Стоян Тарапановни муддатидан олдин соф ғалаба — “иппон” баҳоси билан енгди. Навбатдаги беллашувда эса украиналик тажрибали спортчи Богдан Ядовга имкониятни бой берди. Шундан сўнг Суҳроб ўтиш мусобақасида қатнашди. Бу босқичда аввал беларуслик, кейин арманистонлик полвонни мағлубиятга учратиб, учинчи ўрин учун курашни давом эттирадиган бўлди. Якунловчи баҳсда Коста-Рика вакили Жулиан Санчо билан рўбарў келган ҳамюртимиз маҳорат бобида ундан устун эканлигини исботлади ва бронза медали билан тақдирланди.

Иккинчи бронза медални хитойлик З. Ву қўлга киритди. Ушбу вазн тоифасида япониялик Хифуми Абэ ғолибликка эришган бўлса, украиналик Богдан Ядовга кумуш медаль насиб этди.

Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига навбатдаги бронза медални оғир атлетикачимиз Адҳамжон Эргашев келтирди. Вазни 56 килограммгача бўлган спортчилар мусобақасида қатнашган ҳамюртимиз даст кўтаришда 110 кг., силтаб кўтаришда 133 кг. тошни ўзига бўйсундирди ва иккикураш якунига кўра, 243 кг. натижа билан совриндорлар қаторидан жой олди.

Мазкур беллашувда олтин медаль хитойлик Чен Менгга насиб этди. Ҳамюртимиз Адҳамжон билан бир хил — 243 кг. натижа (108 кг. — 135 кг.) қайд этган вьетнамлик Нгуен эса кумуш медаль совриндори бўлди. Бунинг ўзига хос сабаби бор. Маълумки, оғир атлетикада спортчилар бир хил кўрсаткичга эришса, қай бир иштирокчининг вазни енгилроқ эканига қаралади ва ўша спортчига юқори ўрин берилади. Шу қоидага асосан, Вьетнам вакилининг вазни Адҳамжонникидан 40 грамм кам бўлганлиги туфайли у кумуш медаль билан тақдирланди.

22 август куни оғир атлетика бўйича ўтказиладиган навбатдаги беллашувларда яна икки нафар ҳамюртимиз ўз имкониятини намойиш қилади. Хусусан, ўғил болалар ўртасида бўладиган мусобақада Фарҳодбек Собиров (-85 кг.), қизлар баҳсида эса Камила Абдуллаева (+63 кг.) ғолиблик учун кураш олиб боради.

Ш. ОРТИҚОВ тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn