Халқаро турнирдаги муваффақият
  • 05 Февраль 2014

Халқаро турнирдаги муваффақият

Бокс бўйича Бишкек шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда ўзбекистонлик боксчилар битта олтин ва иккита кумуш медалга сазовор бўлди.

Мусобақада ўнга яқин мамлакатдан 180 нафардан зиёд чарм қўлқоп устаси ўн вазн тоифасида совринли ўринлар учун кураш олиб борди. Муросасиз курашларга бой кечган беллашувлар якунида ҳамюртларимиздан истеъдодли ёш боксчимиз Ботирали Мамажонов (81 кг.) олтин медални қўлга киритди.
Вакилларимиздан Анвар Туропов (64 кг.) ва Баҳодир Жалолов (91 кг.) мусобақанинг кумуш медали билан тақдирланди.

Қизғин баҳслар давом этмоқда
Шахмат бўйича “Moscow Open — 2014” халқаро фестивалида Ўзбекистон вакиллари муваффақиятли дона сурмоқдалар.
Хусусан, мусобақанинг талаба-гроссмейстерлар ўртасидаги беллашувларида иштирок этаётган Нафиса Мўминова дастлаб россиялик Варвара Саулинани мағлубиятга учратди. Иккинчи ва учинчи турларда эса у мезбон спортчи Лидия Томникова ва Ирина Василевичдан устун келди. Нафиса навбатдаги баҳсда грузиялик Мэри Арабидзега қарши дона суради.
Фестивалда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Роман Голубев россиялик Арнольд Солдатов, Василий Майоров, Вилдан Галямов, Игорь Улянкин ва қозоғистонлик Жандос Агмановни мағлубиятга учратиб, пешқадамлар сафидан жой олди.
Юртдошимиз Одил Собитов эса дастлабки икки партияда россиялик Ришат Ракаев ва Аркадий Пастерни енгиб, совринли ўринлардан бирини қўлга киритиш учун ўз имкониятини яхшилаб олди.

Теннисчимиз ғалаба билан бошлади
Франциянинг Монпелье шаҳрида бошланган теннис бўйича “Open Sud de France” халқаро турнирида мамлакатимизнинг биринчи рақамли ракетка устаси Денис Истомин ҳам муваффақиятли иштирок этмоқда.
Спортчимиз мусобақанинг яккалик баҳслари дастлабки босқичида туркиялик Марсель Илҳан устидан икки сетда 6:4, 7:5 ҳисобида зафар қучди. Энди у жуфтликлар беллашувида россиялик Николай Давиденко билан бирга Александр Недовесов (Қозоғистон)/Михал Пшисенжни (Польша) дуэтига қарши кортга чиқади.
Турнирнинг ғолиб ва совриндорлари номи 9 февраль куни маълум бўлади.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn