Баркамол авлод тарбияси — устувор мақсад
  • 04 Февраль 2014

Баркамол авлод тарбияси — устувор мақсад

Пойтахтимизда “Ёшлар камолотида жисмоний тарбия ва спортнинг ўрни ва уни янада ривожлантириш истиқболлари” мавзуида илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда Президентимиз раислигида яқинда Оқсаройда бўлиб ўтган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Унда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, мураббий ҳамда мутахассислар, спорт жамоатчилиги, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, истиқлол йилларида мамлакатимизда жисмонан ва маънан соғлом, ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, таълим-тарбия соҳасини ривожлантириш жараёнида унинг узвий қисми сифатида болалар спортининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш,
умумтаълим мактабларида замонавий болалар спорт комплекслари тармоғини барпо этиш, уларни бугунги кун талабларига мос тарзда жиҳозлаш борасида кенг кўламли ишлар бажарилаяпти. Бунда давлатимиз раҳбарининг 2002 йил
24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ва  2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Фарзандларимизда Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини, ирода, қатъият, мардлик ҳамда ғалабага бўлган интилиш фазилатларини шакллантириш, улар ўртасида спортни янада оммалаштиришда Олимпия ҳаракати тамойилларига тўлиқ мос келадиган, дунёда ўхшаши йўқ ноёб тизим — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт мусобақалари ҳам катта аҳамият касб этаяпти.
Анжуманда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тасарруфидаги таълим муассасалари — Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти, Республика олий спорт маҳорати мактаби, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, олимпия захиралари коллежлари фаолиятини янада жонлантириш ҳамда бу орқали маҳоратли спортчилар, малакали мураббий ва мутахассислар тайёрлаш масаласи қизғин муҳокама этилди.
Шунингдек, болалар спортини ривожлантириш бўйича педагогик, илмий-услубий қўлланмалар базасини яратиш, қизларни спортга янада кенгроқ жалб қилиш, оилаларда спортни оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни танлаш ва саралаш тизимини янада такомиллаштириш каби устувор вазифалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn