Иккинчи даврага старт берилди
  • 06 Август 2014

Иккинчи даврага старт берилди

Футбол бўйича Ўзбекистон ХХIII миллий чемпионати олий лигаси иккинчи давра баҳсларига старт берилди.

Регламентга кўра, жамоалар мусобақани 14-турдан давом эттирди. Унда чемпионат пешқадамлари — “Локомотив”, “Пахтакор” ва “Насаф” жамоалари рақиблари устидан ишончли ғалабага эришди.

Давралар оралиғида таркибига Александр Гейнрих, Шавкат Муллажонов, Марат Бикмаев, Алишер Шоғуломов, Артём Филипосян, Дилшод Раҳматуллаев ва Саҳоб Жўраев сингари тажрибали футболчиларни жалб этган “темир йўлчилар” муросасиз баҳсда Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратишди. Беллашувда голлар жамоанинг янги аъзолари Александр Гейнрих ва Алишер Шоғуломов томонидан киритилди.

Ўтган мавсум совринли ўринларсиз қолиб кетган “Пахтакор” ҳам худди шундай ҳисобда “Андижон”дан устун келди. Ўйинда жамоанинг янги аъзоси Баҳодир Пардаев ҳисобни очди. Ҳимоячи Егорь Кримец эса орадаги фарқни иккита етказди.

Самарқандда “Динамо”га қарши баҳс олиб борган Қаршининг “Насаф” жамоаси йирик ҳисобда муваффақият қозонди. Учрашувда мезбонлар дарвозасига Шерзод Аъзамов, Кенжа Тўраев, Артур Геворкян (иккита) ва Илҳом Шомуродов томонидан жами бешта жавобсиз тўп киритилди.  

Амалдаги чемпион “Бунёдкор” Зарафшонда “Қизилқум” билан беллашди. Баҳсда Достонбек Ҳамдамов ва Жавлон Иброҳимовнинг аниқ зарбалари “қалдирғочлар”га навбатдаги уч очкони келтирди.

Турнинг қолган ўйинларида қуйидаги ҳисоблар қайд этилди: “Машъал” (Муборак) — “Сўғдиёна” (Жиззах) 3:2, “Металлург” (Бекобод) — “Олмалиқ” (Олмалиқ) 3:2, “Нефтчи” (Фарғона) — “Бухоро” (Бухоро) 1:0. 

Ушбу турдан сўнг чемпионатда Тошкентнинг “Локомотив” ва “Пахтакор” жамоалари бир хил — 36 тадан очко жамғариб, пешқадамлик мавқеини янада мустаҳкамлаб олди. Учинчи ўринда бораётган “Насаф” ҳисобида эса 29 та очко бор.

Олий лига жамоалари ўртасидаги навбатдаги тур ўйинлари 9 ва 10 август кунлари бўлиб ўтади. Унда қуйидаги жуфтликлар бир-бирига қарши майдонга чиқади: “Андижон”  — Қизилқум”, “Металлург” — “Динамо”, “Пахтакор” — “Нефтчи”, Сўғдиёна”  — Олмалиқ”, “Бунёдкор” — “Машъал”, “Навбаҳор” — Бухоро”, “Насаф”  — “Локомотив”.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn