Ўзбек спортининг ёрқин келажаги
  • 04 Июль 2014

Ўзбек спортининг ёрқин келажаги

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори юртдошларимиз томонидан кўтаринки кайфиятда кутиб олинди. Бугун шаҳару қишлоқларимизда энг улуғ, энг азиз айёмни муносиб нишонлаш учун катта тайёргарлик кўрилмоқда. Мана шундай шукуҳли дамларда босиб ўтилган йўлга назар ташлар эканмиз, барча соҳаларда эришилган улкан муваффақиятлар мисолида ИСТИҚЛОЛ, деб аталмиш бебаҳо неъматнинг қадрини янада теранроқ ҳис этамиз.

Аёнки, ҳар бир ота-она фарзандининг камолини, бахтини кўриш орзуси билан яшайди, ўғил-қизининг ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етиши учун астойдил ҳаракат қилади. Мустақилликка эришганимиздан сўнг, таълим-тарбия соҳаси давлат сиёсати даражасига кўтарилгач, ана шундай эзгу ниятларнинг бекаму кўст рўёбга чиқишига кенг йўл очилди. Ёшларимизнинг пухта билим олиши, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб улғайишини таъминлаш, қобилият ҳамда иқтидорини, интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, қалбида она-Ватанга садоқат ва фидойилик туйғуларини шакллантириш борасида ҳуқуқий, иқтисодий ҳамда ташкилий шарт-шароитлар яратилди.
Мустақил юртимизнинг биринчи ордени “Соғлом авлод учун” деб аталгани, 1991 йилнинг 20 ноябридаёқ “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилингани ушбу масала бизда нақадар устувор аҳамиятга эга эканлигини яққол тасдиқлайди. Мамлакатимиз Конституцияси ва кўплаб қонунларимизда, Президентимизнинг қатор Фармон ва қарорларида ёшлар масаласи ўз ифодасини топган. Айни пайтда ҳар йилга муайян ном берилиши муносабати билан қабул қилинаётган давлат дастурларида ҳам эртамиз эгаларининг манфаатлари алоҳида эътиборга олинаяпти. Хусусан, мантиқан бир-бирига ҳамоҳанг бўлган Оила йили, Соғлом авлод йили, Она ва бола йили, Ёшлар йили, Баркамол авлод йили, Мустаҳкам оила йилида кенг миқёсдаги чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилди. 2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши мазкур ислоҳотлар изчиллигидан далолатдир.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга. Унда ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва чуқур билимга эга бўлган ватанпарвар йигит-қизларни тарбиялаш, уларда турли мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетни шакллантириш, замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллашлари учун муносиб шароитлар яратиш, иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган. Яъни ёшларнинг бахти, келажаги учун ҳамма жиҳатлар инобатга олинган. Бинобарин, Президентимиз шу йилги Наврўз байрамига бағишланган тантанали маросимда “Биз ўзлигини, ўз қадр-қимматини, Ватани олдидаги ўз бурчини чуқур англаган, ўз олдига баланд марралар қўйиб, дунёдаги барча тенгдошлари билан беллашувга тайёр фарзандларимни бизнинг ишончимиз ва таянчимиз, ҳал қилувчи кучимиз, деб юксак қадрлаймиз ва сиз, ёшларимизни эъзозлаб камол топтиришда ўзимизни ҳеч қачон аямаймиз”, дея айтган сўзлари оталарча меҳрнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишда спортнинг ўрни ниҳоятда беқиёс. Шу мақсадда, Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, ёшлар ўртасида спортни оммалаштиришнинг ноёб тизимига асос солинди. Ўтган вақт мобайнида мазкур жамғарма республикамизнинг барча ҳудудларида жисмоний тарбия ва спортнинг моддий-техник базасини шакллантириш ҳамда мустаҳкамлаш, умумий ўрта таълим мактаблари қошида, шунингдек, аҳоли яшаш жойларида замонавий спорт мажмуаларини бунёд этиш, уларни бугунги замон талабига мос спорт анжомлари билан жиҳозлаш, ушбу иншоотлардан самарали фойдаланишни таъминлаш каби қатор вазифаларни амалга ошириб келмоқда.
Эътибор беринг: биргина 2013 йилнинг ўзида 113 та спорт иншооти ва сузиш ҳавзаси, 55 та болалар мусиқа ва санъат мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу объектларнинг 132 таси қишлоқ жойларда ишга туширилди. Бугунги кунда юртимизда икки миллионга яқин бола, шу жумладан,
842 000 нафардан зиёд қиз 30 дан ортиқ спорт тури билан мунтазам шуғулланаётгани ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
— Юртбошимиз ҳар бир чиқишларида болаларимизга муносиб шарт-шароит яратиш, ҳеч кимдан кам бўлмай улғайишлари учун куч ва маблағни аямаслик лозимлигини таъкидлайдилар, — дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Тошкент шаҳар филиали директори Маъмур Саидқосимов. — Шу йилнинг 28 январь куни Оқсаройда бўлиб ўтган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида ҳам, жумладан, “Болалар учун барпо этиладиган ҳар бир иншоотни қалб қўримизни бағишлаб қуришимиз керак. У ерда шуғулланган болалар шундай имкониятлардан мамнун бўлиб, эзгу мақсад ва интилишлар билан яшасин. Зеро, фарзандларимизни хурсанд қилиш, уларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши учун шароит яратиш бизнинг бурчимиз”, деган сўзлари бунинг яна бир ёрқин тасдиғидир.
Қаранг, 2013 йилда республикамиз бўйича болалар спорти объектлари, мусиқа ва санъат мактаблари барпо этиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари учун 210 миллиард 400 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Бу шунчаки рақам эмас. Бу баркамол авлод тарбияси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини тасдиқловчи рақамдир.
Биргина Тошкент шаҳри мисолида айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолият бошлаганидан буён ҳудудда 82 та спорт иншооти, 25 та мусиқа ва санъат мактаби фойдаланишга топширилди. Ушбу мақсадларга 73,1 миллиард сўм сарфланди. Шунингдек, спорт мажмуалари зарур жиҳозлар ва инвентарлар билан таъминланди.
Айни пайтда пойтахтимизда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган 141 минг 552 нафар ўқувчи-ёшлар спорт билан шуғулланмоқда. Улардан 63 минг 887 нафари қизлардир. Битта спорт иншоотидан ўртача кунлик фойдаланиш вақти 10,2 соатни ташкил этаяпти.
Ўтган йиллар давомида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида қўшимча равишда ҳар бир мактабга 4 тадан, жами 370 миллион сўмлик теннис столлари ҳамда 30 миллион сўм миқдоридаги шахмат-шашкалар ажратилди. Қолаверса, 22 та сузиш ҳавзаси қайта таъмирланиши ва жиҳозланиши натижасида сузиш, синхрон сузиш каби спорт турлари бўйича йўлга қўйилган машғулотларга қатнаш истагини билдирганлар сони сезиларли даражада ортди. Масалан, 2003 йилда 2451 нафар ўғил-қиз сузиш спорт турлари билан шуғулланган бўлса, 2013 йилга келиб уларнинг сони 5314 нафарга етди. Бадиий ва спорт гимнастикаси, футбол, қўл тўпи, волейбол, баскетбол ва шахматга ошно тутинган ёшлар сафи ҳам 3-4 баробар ошди.
— Юртимизда спортга қаратилаётган беқиёс эътибор янгидан-янги истеъдодларни кашф этиш имконини бераётир, — дейди пойтахтимиздаги 15-болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг шахмат бўйича мураббийи, “Шуҳрат” медали соҳиби Равшан Шукуров. — Халқаро мусобақаларда қатнашаётган вакилларимиз Ўзбекистонда мустақиллик йилларида юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлод вояга етаётганини амалда исботлашмоқда. Шу ўринда бир мисол келтирсам. Ўтган йили Шри-Ланкада шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган IX Осиё чемпионатида қитъамизнинг ўн тўрт давлатидан 400 нафарга яқин шахматчи ғолиблик учун куч синашди. Чемпионат дастуридан ўрин олган энг мураккаб мусобақа — классик шахмат баҳсларида 13 ёшли спортчимиз Ортиқ Нигматов тўққиз партиянинг барчасини ўз фойдасига ҳал қилиб, рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади. У блиц шахматда ҳам олтин медални қўлга киритди. 11 ёшли Шамсиддин Воҳидов эса классик шахмат бўйича саккиз, рапид турнирида олти очко жамғариб, икки карра Осиё чемпиони, деган шарафли номга сазовор бўлди. Бундай ютуқлардан ҳар биримиз, албатта, фахрланамиз. Келгусида Ортиқ ва Шамсиддин сингари кўплаб истеъдодларимиз бундан-да нуфузли мусобақаларда қатнашиб, Ватанимиз довруғини янада оширишга ўз ҳиссаларини қўшишига ишонамиз.
Президентимиз Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида ҳали мактаб партасидаёқ дунёнинг турли мамлакатларида ўтказилаётган халқаро турнирлар, жаҳон ва Осиё чемпионатларида муваффақиятга эришаётган ёшлар ҳақида фикр билдириб, жумладан, ўтган йили ана шундай натижа кўрсатган 86 нафар иқтидорли ёш спортчини рағбатлантириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Улар орасида Тошкент шаҳри вакиллари ҳам кўпчиликни ташкил этади. 2013 йилда пойтахтимиз ўқувчи-ёшлари нуфузли халқаро мусобақалардан 52 та олтин, 29 та кумуш ва 21 бронза медали билан қайтишгани фикримиз тасдиғидир. Муҳими, ёшларимиз ушбу муваффақиятлар қандай омиллар билан боғлиқ эканини жуда яхши билишади. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, спорт майдонларида эришиладиган ютуқлар — аввало, шу йўлда тинимсиз интилиб, курашиб яшайдиган инсоннинг ютуғи, айни вақтда шу инсонни тарбиялаб вояга етказган жамиятнинг ютуғидир.
— Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби Соғлом бола йилида Тошкент шаҳрида ҳам болалар спортини ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш тадбирлари изчил давом эттирилмоқда, — дейди М. Саидқосимов. — Хусусан, йил якунига қадар битта спорт объекти ва битта ёпиқ сузиш ҳавзасини қуриш, 5 та мусиқа ва санъат мактаби ҳамда Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Республика олий спорт маҳорати мактабида реконструкция ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Бунда Президентимизнинг Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида билдирган фикр-мулоҳазалари, кўрсатган йўл-йўриқлари биз учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

 

Шавкат ОРТИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn