Осиё чемпионати юқори савияда ўтди
  • 01 Июль 2014

Осиё чемпионати юқори савияда ўтди

Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт мажмуида самбо бўйича катталар, ёшлар, ўсмирлар ва хотин-қизлар ўртасида ташкил этилган қитъа чемпионати ҳам қизиқарли кечди.

Осиё самбо иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда мамлакатимиз самбо федерацияси ҳамкорлигида ўтказилган ушбу мусобақада йигирмага яқин давлатдан 350 нафардан зиёд полвон иштирок этди.
Чемпионатда ёшларимиздан Шерзод Тожиев, Жавлон Ҳамидов, Фазлиддин Холмаматов ва Элёр Ҳожиматов олтин, Тоҳир Асроров, Абдуҳамид Қўчқоров ҳамда Муҳаммадшоҳ Иброҳимов кумуш, Шаҳзод Нурматов ва Парвиз Ҳалимов бронза медали билан тақдирланди. Қизларимиздан Жаҳоной Туркманова, Нилуфар Раҳмонова, Валерия Суйкова ва Ирина Кулакова биринчи, тўрт нафари иккинчи, икки нафари эса учинчи бўлди.
Толмаз Тўқлиев, Аюбхон Камолов ва Санжар Неъматов жанговар самбода барча рақибларидан устун келишди. Бу йўналишда Раҳматжон Аҳмедов ва Илҳом Йўлдошев кумуш медалга сазовор бўлди. Фурқат Рўзиев, Аброр Яҳёев ва Олим Худойқулов бронза медалини қўлга киритди.
Ҳар иккала чемпионатда ёрқин натижалар кўрсатган терма жамоамиз аъзоларининг қай бири билан суҳбатлашманг, барчаси диёримизда спорт равнақи учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар, давлатимиз, яқинлари, мураббийлари билдирган ишончга муносиб бўлиш, бу йўлда тинмай олға интилиш бош мақсади эканлигини эътироф этдилар. 
Меҳмонлар эса — спортчилару мураббийлар, ҳакамлар, ташкилий қўмита аъзолари Осиё биринчиликлари юқори савияда, кўтаринки руҳда ташкил этилганидан ниҳоятда хурсанд бўлганларини яширмадилар. 

М. ҚОСИМЖОНОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn