Ўзбек спорти жамоатчилик фикрини ўрганиш асосида ривожлантирилади
  • 16 Февраль 2018

Ўзбек спорти жамоатчилик фикрини ўрганиш асосида ривожлантирилади

Спорт — соғлом турмуш кафолати. Қолаверса, мамлакат имиджини халқаро майдонларда оширувчи восита ҳамдир. Шу боис, бугун юртимизда мазкур соҳани янада ривожлантириш чора-тадбирлари кўрилаяпти.

Президентимизнинг 2017 йил 15 февралдаги Фармонига биноан, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ташкил қилингани ҳам шундай ислоҳотлар сирасидан. Давлатимиз раҳбари кейинчалик тизим мутасаддилари билан мулоқотларда спорт соҳасидаги муаммоларни ўрганиш, уларни бартараф этиш йўлларини излаш, кенг жамоатчилик фикрини ўрганишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаганди. Бироқ орадан шунча муддат ўтганига қарамай, бу йўналишда “пичоққа илинадиган” бирор жиддий ташаббус амалга оширилмади. 

Ана шу ҳолатлар инобатга олиниб, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига айлантирилди. Унинг раҳбариятига соҳани қуйидан бошлаб ривожлантириш вазифаси юклатилди.

Айни пайтда республикамизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилган ҳужжат лойиҳаси тайёрланмоқда. Уни такомилига етказиш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев кўрсатмасидан келиб чиққан ҳолда, пойтахтимизда спорт федерациялари, ҳудудлардаги спорт бошқармалари, мураббийлар, спортчилар, умуман кенг спорт жамоатчилигининг муносабатини ўрганишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О. Муродов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ва бошқалар республикамизда оммавий спортни ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни танлаш ҳамда тарбиялаш, соҳани малакали кадрлар билан мустаҳкамлаш ҳамда замонавий спорт иншоотларини барпо қилиш хусусида сўз юритди. 

Ҳозирги шиддатли замон қўлга киритилган ютуқларга маҳлиё бўлиб қолмай, янада изланиш ва янгича ёндашувларни жорий қилишни тақозо этмоқда. Шу маънода, ишлаб чиқилаётган ҳужжатда тизимдаги муаммоларни тўлиқ бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланиши зарур.

Йиғилиш давомида спорт федерациялари, ҳудудлардаги спорт бошқармалари вакиллари, мураббийлар, спортчилар тизимдаги оғириқли масалалар ҳақида сўз юритиб, аниқ таклифлар, фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

О. ФАЙЗИЕВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn