Имконияти  чекланган болалар от спортига жалб этилмоқда 
  • 16 Февраль 2018

Имконияти  чекланган болалар от спортига жалб этилмоқда 

Юртимизда имконияти чекланган болалар ҳам от спорти билан шуғулланиши учун имконият яратилди. 

Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясидан маълум қилишларича, уларга машғулотлар бепул олиб борилади. Бунинг учун тизимдаги муассасалар, хусусан, пойтахтимиздаги Республика олимпия захиралари коллежи қошидаги от спорти мактабида барча шарт-шароит яратилган. 

— От спорти — энг қизиқарли ва жозибали спорт турларидан бири,  — дейди от спорти мактаби мураббийи Ғайрат Назаров. — Муҳими, спортнинг ушбу тури билан турли жисмоний тайёргарликдагилар — хоҳ у мактаб ёшигача бўлган болакай, хоҳ у ёши катта одамлар бирдек шуғулланиши мумкин. Бугунги кунда мактабимизда имконияти чекланган болалар, шу жумладан, мия фалажидан жабр кўраётган ёшлар ҳам машғулотларда қатнашмоқда. Биласиз, бу касаликка чалинганлар ўз таналарани бошқара олмайдилар. Буни қарангки, эгарга чиққан бундай болакайларда ижобий томонга ўзгариш кузатилиб, от устида эркин ҳаракатлана бошламоқдалар. Бу бизга ҳам қувонч бағишлайди, албатта. 

Айтиш жоизки, ушбу мактаб ёш чавондозлар, аниқроғи, конкурчиларни тайёрлашда бой тажриба, юқори салоҳиятга эга. Айни пайтда бу ерда ўндан ортиқ немис, инглиз, ахалтака, қорабайир каби зотдор отларда машғулотлар олиб борилмоқда. Бунинг учун махсус очиқ майдонда барча шарт-шароитлар мавжуд.  

Мураббийларнинг айтишича, от спорти болаларнинг руҳий ҳолатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, барча мушаклар ҳаракатга келиб, қомат кўркамлашади, организмдаги ортиқча ёғлар парчаланди. Бу эса иинсоннинг юриш-туриши, хатти-ҳаракатларида ҳам яққол сезила бошлайди. Мазкур спорт тури тобора оммалашиб бораётганинг боиси ҳам шунда. 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn