Бутунжаҳон антидопинг агентлиги президенти Ўзбекистонда допингга қарши кураш бўйича олиб борилаётган ишларни юксак баҳолади
  • 16 Февраль 2018

Бутунжаҳон антидопинг агентлиги президенти Ўзбекистонда допингга қарши кураш бўйича олиб борилаётган ишларни юксак баҳолади

Шу кунларда дунё аҳлининг асосий эътибори Жанубий Кореянинг Пхёнчхан шаҳрида бўлиб ўтаётган XXIII қишки Олимпия ўйинларига қаратилган. Ушбу йирик анжуманда жаҳоннинг етакчи спорт ташкилотлари, юзга яқин қатнашчи мамлакатлар орасида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.

Олимпиада дастури доирасида Сеулда Корея Республикаси Маданият, спорт ва туризм вазирлиги томонидан спорт соҳаси мутасаддилари учун “Жамиятда спорт қадриятларини ривожлантириш” мавзуида конференция ташкил этилди. Унда допингларсиз ҳалол спортга эришиш, мусобақалардаги ғирромликларнинг олдини олиш, спорт қадриятларини ривожлантириш каби масалалар ҳақида сўз борди. 

Конференция якунида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) президенти Крейг Риди билан учрашди. Мулоқот чоғида томонлар ўртасида ўзаро дўстона алоқаларни ўрнатиш, Олимпия ҳаракатини янада ривожлантириш бўйича ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш юзасидан келишувга эришилди.

— Ўзбекистонда допингга қарши кураш бўйича олиб борилаётган ишлар юксак баҳога лойиқ, — деди WADA президенти. — Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил қабул қилган Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини ташкил этиш бўйича қарори Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг кодекс ва стандартларини самарали амалга оширишга хизмат қилади. Асосийси эса мамлакатингизда спорт соҳасида соғлом муҳитни яратиш, спортчилар орасида ҳалоллик ва ҳаққонийлик фазилатларини янада кучайтиришни таъминлайди. Мени Ўзбекистонга таклиф қилганингиздан жуда мамнунман ва буни бажонидил қабул қиламан. Ўйлайманки, иш тақвимимдан келиб чиққан ҳолда яқин ойлар ичида юртингизга ташриф буюраман.

«Халқ сўзи» мухбири

Омонулла ФАЙЗИЕВ тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn