Шимол ва Жанубни яқинлаштираётган спорт  
  • 05 Февраль 2018

Шимол ва Жанубни яқинлаштираётган спорт  

Маълумки, Жанубий Кореянинг Пхёнчхан шаҳрида шу йил 9-25 февраль кунлари навбатдаги қишки Олимпиада ўйинлари бўлиб ўтади. 

Унда Шимолий кореялик 22 нафар спортчи ҳам қатнашади. Корея Халқ Демократик Республикасидан келадиган мазкур делегацияга ушбу давлат Юқори халқ мажлиси президиуми раиси Ким Ён Нам бошчилик қилади. Бу ҳақда “Yonhap” ахборот агентлиги хабар берди. КХДР Конституциясига кўра, Юқори халқ мажлиси президиуми раиси давлат миқёсидаги юқори мартабали мансабдор шахс ҳисобланади.

Манбага кўра, Ким Ён Нам 9 февраль куни уч кунлик ташриф билан Жанубий Кореяга келади, Олимпиада ўйинлари очилиш маросимида иштирок этади. У охирги тўрт йилда ушбу давлатга расмий Пхеньян номидан келган биринчи юқори мартабали меҳмон бўлади. 

Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин Шимолий Корея вакили билан учрашишни режалаштирмоқда. Расмий Сеулнинг фикрича, бу Шимолий Кореяни икки давлат ўртасидаги алоқаларни яхшилашга тайёрлигини ва мамлакатлар саъй-ҳаракатларининг ҳаққоний эканлигини кўрсатмоқда.

КХДР делегацияси таркибига Ким Ён Намдан ташқари яна уч нафар юқори мартабали мансабдор шахс ва уларнинг 18 нафар ёрдамчиси киритилган. 

Ҳар икки давлат спортчилари “Ягона Корея” шиори остида битта байроқ остида мусобақаларнинг очилиш маросимида ўтишади. 

Ушбу қишки Олимпиада ўйинларида ҳар икки давлат спортчилари иштирок этиши ҳақида 9 январь куни бўлиб ўтган юқори даражадаги музокараларда маълум қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея ва Шимолий Корея вакиллари Корея ярим ороли байроғи остида охирги марта бундан 2006 йил Италиянинг Турин шаҳри мезбонлик қилган қишки Олимпиада ўйинларида кўриниш беришганди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn