Cоғлом ва ҳалол спортга рағбат
  • 19 Январь 2018

Cоғлом ва ҳалол спортга рағбат

Ўзбек халқи ор-номусли, шаъни, қадр-қимматини юксак тутадиган, ҳар жойда ўз ўрнини биладиган, ҳалолликни миллий қадрият даражасида ҳис этадиган, унга оғишмай амал қиладиган халқ. Одамларимиз руҳиятига сингиб кетган бу туйғулар спортчиларимиз табиатида ҳам тўлиқ намоён бўлмоқда. Вакилларимиз юртимизда ҳам, халқаро ареналарда ҳам доим ҳалол кураш олиб бориб, юқори натижаларга эришмоқдалар. Бунда, албатта, мамлакатимизда спортга қаратилаётган катта эътибор асосий омил бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори спорт соҳасида соғлом муҳитни яратиш, спортчиларимиз орасида ҳалоллик ва ҳаққонийлик фазилатларини янада кучайтиришга қаратилган муҳим ҳужжат, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Ушбу қарор 2010 йилда спортда допингга қарши кураш бўйича халқаро конвенцияни ратификация этган мамлакатимизда соғлом ва ҳаққоний спортни тарғиб қилиш, Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг кодекс ва стандартларини самарали амалга ошириш, Ўзбекистон спортчиларининг 2020 йил Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўришлари учун барча шароитни яратиб бериш йўлидаги дадил қадам ҳамдир. 

Биз, спортчиларга давлатимиз томонидан ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатилаяпти, барча имконият ва қулайликлар яратилмоқда. Энди талаб қилинадигани — соғлом муҳит яратиб, ҳақиқий спорт санъатини намойиш этиш, курашларда қандайдир тақиқланган воситалар ёрдамида эмас, Ватанимиз ва халқимиз шаъни, ор-номуси учун ҳалол беллашиб, соф ғалабаларга эришиш, бутун дунё кўз ўнгида Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтаришдир.

Токи, дунё аҳли Ўзбекистон халқининг, ўзбек спортчиларининг нақадар мард ва жасур эканини кўриб, тан беришсин.

Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги зиммасига Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг антидопинг бошқаруви ҳамда менежменти махсус дастурини мамлакатимизда жорий этиш ва қўллаш вазифаси ҳам юклатилди. Бу дастур орқали агентлик фаолиятини самарали ташкил қилиш, Бутунжаҳон тезкор маълумотлар базаси ахборотларидан фойдаланиш имкони яратилади, спортчиларимизнинг допинг-тест жараёнларидан ўтиши ҳақида аниқ маълумотлар тўпланади, допинг-назорат тизими йўлга қўйилади. Шунингдек, спортчиларимизнинг дори воситаларидан фақат терапевтик мақсадлардагина фойдаланиши, тақиқланган дори воситаларидан мутлақо фойдаланмаслиги тўғрисида аниқ, лўнда тавсиялар бериш механизми яратилади.

Аслида спортчиларимизда допинг қабул қилишга эҳтиёж умуман йўқ. Боиси, она-заминимизнинг олтинга тенг тупроғида унган, пишиб етилган барча ноз-неъмат бизга табиий куч-қудрат бағишлайди. Шундай юрт фарзанди бўла туриб, қандайдир дори воситалари ёрдамида юқори натижаларга кўз тикиш, бу — ўзбек спортчиси учун исноддир. Бундай нотабиий ва носоғлом ҳолатни томошабин — халқимиз ҳам ҳеч қачон кечирмайди.

Шу маънода, Президентимизнинг мазкур қарори мамлакатимизда соғлом ва ҳаққоний спортни рағбатлантириш, спортчиларимиз ҳамда мураббийлар қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада кучайтиришга хизмат қилади. Улуғ аждодларимиз, не-не буюк полвонларимиз барча ютуққа ўзининг тинимсиз меҳнати билан эришган. Улар ҳалолликни, юртпарварликни ва фидойиликни ҳар нарсадан устун қўйган. Биз ҳам ота-боболаримиз одатига содиқ қолиб, дунё аҳлига ҳалол спорт, соф ғалабаларни намойиш этишимиз шарт. Бунинг учун барча имконият, шароит ва рағбат мавжуд.

Рустам МАЖИДОВ, 

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси Сенати аъзоси, 

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози, 

халқаро тоифадаги AIBA ҳаками.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn