“Ташвишланма, укажон!”
  • 18 Январь 2018

“Ташвишланма, укажон!”

Футбол мухлислари, айниқса, Испаниянинг “Реал Мадрид” жамоаси ишқибозлари жуда яхши билишадики, айни пайтда мазкур клуб ҳужумчиси Криштиану Роналду ҳаётидаги қийин босқичлардан бирини бошдан кечирмоқда. 

Гап шундаки, Ла Лигада ҳозиргача ўтказилган 18 та ўйинда (жамоа бошқалардан битта кам ўйин ўтказган) “Олтин тўп”нинг беш карра соҳиби рақиблари дарвозасини атиги 4 бор ишғол қила олди, холос. Роналду фаолиятида бундай салбий кўрсаткич 2005 йилдан буён илк бор қайд этилмоқда. Қолаверса, у кетма-кет учта ўйинда майдонни голсиз тарк этди. Футбол статистикасига оид маълумотларни ёритувчи “WhoScored.com” сайти таҳлилларига кўра, “Қироллик клуби” вакили зарбаларни амалга ошириш бўйича ҳам “Кучли бешлик” чемпионатлари барча тўпурарлари орасида энг ёмон кўрсаткичга эга — 4,3 фоиз.    

Топ-футболчиларнинг самарадорлиги пасайиши, шубҳасиз, жамоага ҳам таъсир қилади. Бу амалда яна бир карра ўз тасдиғини топмоқда. Яъни “Реал Мадрид” турнир жадвалида ўзининг азалий рақиби “Барселона” клубидан 19 очко ортда бормоқда. Ҳатто клуб тарихидаги бош мураббийлар орасида “омадсиз мутахассис” дея эсга олинадиган Рафаэль Бенитес ишлаган даврда ҳам жамоа бундай аҳволга тушмаганди.

Спортда, хусусан, “миллионлар ўйини”да ишқибозлар шафқатсиз бўлишади. Ютуқларга эришган вақтинг сени кўкларга кўтаришади, олқишлашади. Аммо ўйинларинг кўнгилдагидек кетмаса, ўйлаб ҳам, аяб ҳам ўтиришмайди, ёшинг ўтиб бораётганини инобатга ҳам олишмайди, танқидлар “ёмғири”ни ёғдираверишади. Чунки улар фақат ғалабани исташади. Лекин бу адолатдан эмас, аслида. Мана шундай босқичда спортчига жуда қийин. Руҳан эзилади. Иродаси мустаҳкам бўлса, ўзини қўлга ола билади. Аксинча, аҳволи баттар ёмонлашиб бораверади.

Ҳар қандай инсон учун шундай оғир дамларда яқинлари далдасидан яхшироқ чора йўқ. Ота-она, ака-ука ёки опа-сингилнинг меҳр тўла бир оғиз ширин сўзи сенга яна куч бағишлайди.

Тушкунликни, синовларни бошдан кечираётган Криштиану Роналдуни ҳам унинг опаси, қўшиқча Катя Авейру қўллаб-қувватлаб чиқди. У “Instagram” ижтимоий тармоғидаги саҳифасига укасига атаб ёзган жуда таъсирли очиқ хатни жойлаштирди. Унда шундай жумлалар бор:

“12 ёшингда Лиссабонга ташриф буюрганингда улар сени “Мадейрадан келган шунчаки навбатдаги болакай” дейишди. Қарийб беш йилдан кейин эса сен “Спортинг”нинг асосий таркибида ўйнай бошладинг.

Сен катталар билан дастлабки баҳсларни ўтказганингда, улар сени “навбатдаги ўзини ўйлайдиган техник”, деб атадилар. Бир неча ойдан сўнг сен “Манчестер Юнайтед” билан шартнома туздинг.

Англияга борганингда, улар сени “бор-йўғи потенциал бир ўйинчи, деб ўйладилар. Олти мавсумда 118 та гол урдинг.

 “Реал”га келганингда, улар “футболкасини сотишдан фойда олиш учун харид қилишди”, дейишди. Лекин 2009 йилдан бошлаб 418 та ўйинда 422 та гол урдинг ва клубнинг деярли барча рекордларини янгиладинг.

2008 йилда илк “Олтин тўп”ни қўлга киритганингда, улар “шу билан бўлди”, дедилар. Аммо сен бундай мукофотдан яна тўрт марта ютдинг.

Португалия терма жамоаси сардори бўлганингда, “етакчилик руҳи йўқ навбатдаги оддий сардор”, дея таърифладилар. Бироқ сен 2016 йилда Европа чемпионати кубогини боши узра кўтарган биринчи португалиялик бўлдинг.

Ҳозир эса, “ўзга сайёралик” каби икки-уч ўйинда гол ура олмасанг, улар сен ҳақингда “фаолиятини якунлашга яқин қолган навбатдаги ўйинчи”, дея фикр билдирмоқдалар.

Ташвишланма. Эйфель минорасида совринингни қўлда тутиб, жилмайсанг, навбатдаги ҳал қилувчи голни урсанг ёки рекордни ўрнатсанг, улар яна сенга диққатларини қаратишга, албатта, қарсак чалишга мажбур бўладилар.

Бечора одамлар. Уларда бори шу”

Бунга ортиқча изоҳ беришга ҳожат йўқ...

Айни кунларда Роналдунинг “Реал Мадрид”ни тарк этиши ҳақидаги хабарлар жуда “болалади”. Турли мутахассислар бу борада ўз муносабатини айтаяпти. Хусусан, “Қироллик клуби”нинг собиқ сардори Маноло Санчис шундай фикрда:

“Агар “Реал” бу мавсумда омадсизликка учрайдиган бўлса, Роналду кетиши мумкин. Альфредо Ди Стефано ҳам кетганида ҳеч қандай драма содир бўлмаганди. Ҳамма ҳам бир кун, албатта, кетади.

“Бензема, Бейл ва Криштиану учлигидан кимни олиб қолган бўлардим? Шубҳасиз, Криштиануни”.

Аввалроқ, “Реал Мадрид” президенти Флорентино Перес Роналдунинг агенти Жорже Мендешга бошқа жамоа излаш вақти келганини айтгани хақида маълумотлар тарқалган эди.

Таъкидлаш жоизки, португалиялик ҳужумчи билан доимо таққосланадиган Лионель Месси учун эса, аксинча, бу галги мавсум жуда сермаҳсул кечмоқда. “Барселона” аъзоси Ла Лигада 19 та ўйинда рақиблари дарвозасини 17 бор ишғол қилди. 10 та голли узатмани амалга оширди. “Реала Сосьедад”га қарши кечган сўнгги баҳсда ҳам гол уриб, Испания чемпионатидаги жами голлари сонини 366 тага (401 учрашувда) етказиб олди. Месси шу тариқа “Кучли бешлик” чемпионатлари тўпурари ҳисобланган, “Бавария”нинг афсонавий ҳужумчиси Герд Мюллернинг рекорди (427 ўйинда 365 та гол)ни янгилади.

 

Ш.ОРТИҚОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn