Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди
  • 17 Январь 2018

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди

Пойтахтимизда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, спорт федерациялари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р. Қурбонов ва бошқалар мамлакатимизда спортни, жумладан, Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турларини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор ўз самарасини бераётганини таъкидлади. Юртимизда йилдан-йилга спорт инфратузилмасининг мустаҳкамланиб бораётгани ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш, нуфузли спорт мусобақаларини ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид қарори спортчиларимизни келгусидаги нуфузли мусобақаларга босқичма-босқич тайёрлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Миллий олимпия қўмитаси раиси А. Султоновнинг ҳисоботи тингланди. Унда мамлакатимизда 2017 йилда спорт соҳасида амалга оширилган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, мамлакатимизда ўтган йили қатор спорт турлари бўйича Осиё чемпионати ва халқаро турнирлар ташкил этилди, спортчиларимиз халқаро мусобақаларда 770 дан ортиқ медалларни қўлга киритди.

 

Йиғилишда Ўзбекистон футбол федерацияси раиси Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси этиб сайланди. Шунингдек, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосарлари, бош котиб ва ижроия қўмитаси аъзолари сайланди

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn