Биз маҳоратимизга ишонамиз
  • 28 Май 2014

Биз маҳоратимизга ишонамиз

“Баркамол авлод”нинг ҳал қилувчи босқичида фарғоналик ёшлар спортнинг 13 тури бўйича ғолиблик учун кураш олиб боради. Шуни алоҳида фахр билан айтиш мумкинки, саралаш беллашувларида юз фоизлик натижага эришган фақат бизнинг вилоят боксчилари тўлиқ таркиб билан, яъни 7 вазн тоифасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишган. Назаримизда, шунинг ўзиёқ терма жамоамизнинг салоҳияти ҳақида муайян тасаввур уйғотади.

Мисол учун, Қўқон педагогика коллежи ўқувчиси Бектемир Мелиқўзиевни нафақат вилоятимизда, балки бутун мамлакатимизда кўпчилик яхши танийди. Чунки у Ўзбекистон терма жамоаси таркибида халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаяпти. Хусусан, шу йилнинг январь ойида Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида, Болгариянинг София шаҳрида ўсмирлар ўртасида ташкил этилган жаҳон чемпионатида ғолибликка эришди. Бектемир ўз совринлари орасида “Баркамол авлод”нинг олтин медали бўлишини жуда-жуда истайди. Шу боис машғулотларга астойдил ёндашди. Ёки Қўқон автотранспорт коллежи ўқувчиси Фазлиддин Мелибоевни олайлик. Ундан ҳам умидимиз катта. Фазлиддин уч карра Ўзбекистон чемпиони ҳисобланади. Яқинда у ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида бронза медалини қўлга киритди. 

Шунингдек, Бобурмирзо Толипов, Жавоҳир Акрамов, Акмалхон Жамолхонов, Мирзокамол Неъматов, Азизжон Алижонов ҳақида ҳам ана шундай илиқ фикрларни билдириш мумкин. Уларнинг қобилияти, тажрибаси Намангандаги баҳсларда, албатта, қўл келади, деб ўйлайман.

Ҳозир боксчиларимизнинг кайфияти аъло даражада. Бу жуда ҳам муҳим. Сабаби, спортда бирор бир натижага эришиш учун нафақат жисмоний, балки руҳий тайёргарлик ҳам катта аҳамият касб этади. Насиб қилса, “Баркамол авлод” мусобақалари дастурига илк бор киритилган бокс баҳсларида Фарғона вилояти терма жамоаси аъзолари юқори натижа қайд этиб, уч босқичли спорт ўйинлари тарихидан муносиб жой олишади.

Баҳодир ЭРКАЕВ,

бокс бўйича Фарғона вилояти терма жамоаси мураббийси, «Шуҳрат» медали соҳиби.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn