Шогирдларим чемпионликка даъвогар
  • 28 Май 2014

Шогирдларим чемпионликка даъвогар

Бадиий гимнастика беллашувларида икки нафар шогирдимиз  вилоятимиз шарафини ҳимоя қилади. Улар бир неча босқичда ўтказилган саралаш баҳсларида танлаб олинган иқтидор соҳибаларидир.

Жумладан, айни пайтда Бухоро олимпия захиралари коллежида таҳсил олаётган Зарема Самадова аллақачон спорт усталиги талабини бажарган. У 2013 йилда ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида иккинчи ўринни қўлга киритган.  

Яна бир спортчимиз, Бухоро муҳандислик-технология институти қошидаги 1-академик лицей ўқувчиси Гулноз Алиева мамлакат миқёсидаги бир қатор турнирларда ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олган. Бундан ташқари, у ўтган йили Германияда ташкил этилган “Pastroil Сup — 2013” халқаро турнирида муваффақиятга эришган эди. Жамоамиз аъзолари билан Бухоро шаҳридаги “Нафис” спорт мажмуасида тайёргарлик кўрдик. Шогирдларимнинг ғалабага иштиёқи баланд. Чунки 2011 йилда Термиз шаҳрида ўтказилган “Баркамол авлод” спорт ўйинларида вилоятимиз вакиллари бадиий гимнастика бўйича умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритган эди. Ўшанда ўз маҳорати ва истеъдоди билан мухлису мутахассислар эътирофига сазовор бўлган Замиражон Санақулова ҳамда Дарья Свечникованинг кейинчалик эришган натижаларини ушбу спорт тури ихлосмандлари яхши билишади. Бу сафарги “Баркамол авлод” беллашувларида Зарема ва Гулноз опалари қўлга киритган натижани такрорлашга қатъий аҳд қилишган.

Анжелика МОРОЗОВА,

бадиий гимнастика бўйича Бухоро вилояти терма жамоаси мураббийси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn