Ниятимиз: муносиб иштирок этиш
  • 28 Май 2014

Ниятимиз: муносиб иштирок этиш

“Баркамол авлод — 2014” спорт ўйинларининг финал босқичида қорақалпоғистонлик ёшлардан 68 нафари спортнинг 14 тури бўйича баҳсларда иштирок этади.

— Мазкур спорт ўйинларига қизиқиш тобора ортиб бораётганини шундан ҳам билса бўладики, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича унинг дастлабки босқичларида 4 мингдан зиёд ўғил-қиз ўз маҳоратини намойиш қилди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси масъул ходими Рустам Абдикаримов. — Наманганда кечадиган беллашувларда яхши натижаларга эришиши кутилаётган ёшларимиз кўп, айниқса, енгил ва оғир атлетика, волейбол ҳамда баскетбол бўйича вакилларимизнинг совриндор бўлишига умидимиз катта.

Нукус спорт коллежи ўқувчиси Зуҳра Шагилова ана шундай иқтидорли ёшлардан биридир. У шу кунгача енгил атлетика бўйича мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда қатор муваффақиятларни қўлга киритган. Хусусан, ўтган йили Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида ҳамда Қозоғистонда ташкил этилган Марказий Осиё очиқ чемпионатида 800 метр масофага югуриш бўйича ғолибликка эришди. Жорий йилнинг январь ойида пойтахтимизда ўтказилган республика чемпионатида ҳам зафар қучди. Мураббийлари: “Зуҳра, албатта, “Баркамол авлод — 2014”нинг олтин медалини олади. Бу унинг қўлидан келади”, деган қатъий фикрдалар.

Нукус олимпия захиралари коллежида тажрибали мураббий Халида Баймуратова қўл остида тарбияланаётган баскетбол бўйича қизлар гуруҳи ҳам анча маҳоратли саналади. 

— Гуруҳимизга мамлакат терма жамоаси аъзоси бўлган Азиза Қайипназарова сингари шижоатли спортчилар йиғилган, — дейди Х. Баймуратова. — Шундай экан, финал ўйинларида юқори натижаларга эришишимизга ишонаман.

Айтиш жоизки, “Баркамол авлод — 2014” спорт ўйинларининг республика босқичида қатнашадиган қорақалпоғистонлик ёшлар махсус спорт кийимлари ва жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, уларнинг пухта тайёргарлик кўриши учун барча шарт-шароит яратилди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Қулайлик Шогирдларим чемпионликка даъвогар »