«Кичик Олимпиада» иқтидорларни кашф қилади
  • 28 Май 2014

«Кичик Олимпиада» иқтидорларни кашф қилади

2000 йилдан бошлаб мамлакатимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган уч босқичли спорт ўйинлари ёшларимиз орасида соғлом турмуш  тарзини шакллантириш, уларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Мазкур ноёб тизим халқаро миқёсда янги педагогик технологиялар сифатида эътироф этилиб, бугун дунёнинг кўплаб давлатлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилаётир.

Мусобақаларнинг ҳар бир босқичи иқтидорларни кашф қилиш баробарида, уларнинг тажрибасини ошириш, нуфузли халқаро турнирлар ҳақида тасаввурини бойитишга ёрдам беради. Чунки “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада беллашувлари халқаро Олимпиада мезонларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда ўтказилади.

Наманганда бошланиши кутилаётган “Баркамол авлод — 2014” спорт ўйинлари ҳам академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари орасидан яна янги номларни, маҳорат эгаларини аниқлаб беришига шубҳа йўқ.

— “Баркамол авлод”нинг дастлабкиси бундан ўн уч йил муқаддам Жиззахда ўтказилган эди ва ана шу ажойиб дамларни, таассуротларни вилоят аҳли, ёшларимиз ҳалигача ғурур билан эсга олишади, — дейди Жиззах вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси мутахассиси Неъмат Ўринов. — Ўшанда мусобақаларга тайёргарлик жараёнида ҳудудимизда жуда катта ҳажмдаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, эртамиз эгалари учун замонавий спорт мажмуалари фойдаланишга топширилганди. Бундай юксак эътибор, яратилган шароитлар туфайли ёшларимизда спортга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Бунга бошқармамиз тизимидаги муассасаларда ташкил қилинган 718 та спорт тўгарагига ҳозир 22 минг 789 нафар ўқувчи қамраб олингани яққол мисолдир.

Айтиш жоизки, “Баркамол авлод — 2014”нинг республика босқичида Жиззахдан 50 нафар ўғил-қиз қатнашади. Улар, асосан, енгил атлетика, юнон-рум кураши, дзюдо, таэквондо WTF, бокс ва сузиш мусобақаларида ғолибликка даъвогарлик қилишлари кутилаяпти.

— Ўн йилдан буён енгил атлетика билан шуғулланаман, — дейди Жиззах транспорт, алоқа касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўқувчиси Ёқутхон Холбекова. — Айниқса, устозим Қандимой Ҳошимова мураббийлиги остида олиб бораётган машғулотларим самарали бўлди. Ўтган давр мобайнида 800 ва 1500 метрларга югуриш бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритдим ва бир неча бор халқаро турнирларда совриндор бўлдим. Яқинда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтказилган Гран-при турнирида 800 ва 1500 метр масофага югуришда иккита олтин медални қўлга киритиб, Осиё рекордини янгиладим. Хориж сафаридан қайтганимдан сўнг кўп ўтмай ҳаётимда яна бир қувончли воқеа юз берди — Президентимиз Фармонига мувофиқ, Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирландим. Биз, ёшларга қаратилаётган бундай юксак эътибор янгидан-янги марралар сари руҳлантиради.

Ҳамма тенгқурларим қатори мен ҳам “Баркамол авлод — 2014” спорт ўйинларининг бошланишини интиқлик билан кутаяпман. Намангандаги баҳсларда бор маҳоратимни ишга соламан.

Улуғбек АДИЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Спорт байрами шукуҳи Қулайлик »