Спорт байрами шукуҳи
  • 28 Май 2014

Спорт байрами шукуҳи

Наманганда “Баркамол авлод — 2014” спорт ўйинларининг шукуҳи ҳукм сурмоқда. Бугун нафақат вилоят аҳли, балки барча юртдошларимиз ёшларнинг ана шу бетакрор байрамини ўзгача иштиёқ ва интиқлик билан кутмоқда, десак, муболаға бўлмас.

Айтиш жоизки, финал босқичини юқори савияда ўтказиш, иштирокчиларга унутилмас онларни туҳфа этиш мақсадида Наманганда алоҳида дастур асосида пухта тайёргарлик кўрилди. Келинг, беллашувлар учун танланган иншоотлар ҳамда режалаштирилган маданий-маърифий тадбирлар хусусида қисқача сўз юритсак.

Мусобақанинг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимлари “Навбаҳор” марказий стадионида ўтказилади. “Баркамол авлод” дастуридан ўрин олган 16 та спорт тури бўйича баҳслар эса энг замонавий шарт-шароитларга эга бешта объектда кечади.  

Жумладан, Наманган олимпия захиралари коллежида баскетбол, “Дўстлик” теннис кортида теннис ва стол тенниси, “Баркамол авлод” спорт мажмуасида енгил атлетика, қўл тўпи, оғир атлетика, футбол, шахмат, сузиш, бадиий гимнастика, Наманган муҳандислик-педагогика институти спорт залида волейбол, Олий спорт маҳорати мактабида дзюдо, юнон-рум кураши, эркин кураш, бокс, таэквондо WTF бўйича мусобақалар ўтказилади.

Айтиш жоизки, ёшлик, шижоат ва баркамоллик байрамига икки мингдан зиёд меҳмон ташриф буюриши кутилаяпти.

— Спорт байрами кунлари иштирокчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади, — дейди вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси Тоҳиржон Дадахонов. — Унга кўра, меҳмонлар Наманганнинг диққатга сазовор жойлари, таълим муассасаларида яратилган шароитлар билан яқиндан танишадилар. Улар учун концертлар, фильмлар намойиш қилиниб, ижодий учрашувлар, мушоиралар ташкил этилади. Тарихий масканлар, ишлаб чиқариш корхоналари, музейга ёшларнинг ташрифлари уюштирилади. Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат, “Камолот”, “Кичкинтой” боғларида фольклор-этнографик жамоалар, ашула ва рақс, вокал-чолғу ансамбллари ўз концерт дастурларини тақдим этади. Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театрида ёшлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи саҳна асарлари намойиш этилади. “Баркамол авлод” шукуҳи нафақат вилоят марказида, балки чекка ҳудудларда ҳам ҳукм суради. Масалан, Тўрақўрғон, Косонсой, Янгиқўрғон, Чортоқ, Уйчи, Учқўрғон, Норин, Чуст, Поп, Мингбулоқ ва Наманган туманларидаги амфитеатрлар, стадионлар, маданият ва истироҳат боғларида концерт дастурлари қўйилади. Булардан кўзланган мақсад — эртамиз эгалари бўлмиш ёшларга узоқ вақтгача хушкайфиятда эслаб юришга арзийдиган онларни туҳфа этиш.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn